07:40 / 31.01.2021
10027

АҚШда SpaceX’га нисбатан тергов бошланди

АҚШнинг Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA) тадбиркор Илон Маскнинг SpaceX компаниясига нисбатан фазовий кемалар парвозига лицензия шартларини бузгани учун тергов бошлади. Терговга 2020 йил декабрда Starship кемасининг портлаши билан якунланган парвози асос бўлди.

The Verge нашрининг хабар беришича, FAA олиб бораётган тергов нафақат Starship’нинг қўниш вақтида портлаши, балки компаниянинг фазовий парвозлар шартларига амал қилишдан бош тортаётганини ҳам қамраб олади. 

“Биз тижорат соҳасидаги инновацияларни жонлантириш бўйича ҳаракатларнинг муҳимлигини тан олсак-да, FAA жамоатчилик хавфсизлигини ҳимоя қилишда ўз жавобгарлигидан оғишмайди”, деб айтган бошқарма вакили Стив Кульм. 

Шу билан бирга, у SpaceX айнан қандай қоидабузарликлар содир этганини маълум қилмаган. 

Starship’нинг навбатдаги синови 28 январда ўтказилиши керак эди, бироқ FAA бу парвозга рухсат бермаган. Компания раҳбари Илон Маск буни оғриқли қабул қилган.  

“Уларнинг қоидалари йилига бир нечта давлат объектидан ортга қайтарилмайдиган парвозларга мўлжалланган. Бу қоидаларга амал қилинадиган бўлса, инсоният ҳеч қачон Марсга ета олмайди”, деб ёзган миллиардер Twitter’да.

Айни вақтда Starship кемаси ишлаб чиқилиш босқичида бўлиб, у одамлар ва юкларни “Ер орбитаси, Ой, Марс ва ундан ҳам узоқроққа” етказишга мўлжалланган.

Top