Ўзбекистон | 15:30 / 03.02.2021
11363
2 дақиқада ўқилади

ТИВ Al Jazeera мухбирига Ўзбекистонда ишлаш учун аккредитация берди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хорижий журналист Агнешка Пикулицкани аккредитацияланганини маълум қилди.

Агнешка Пикулицка / Фото: Instagram

Қатарга тегишли Al Jazeera телеканалининг Ўзбекистондаги мухбири, польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска Ташқи ишлар вазирлиги аккредитациясини қўлга киритди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берган.

Аввалроқ, польшалик журналист Ташқи ишлар вазирлиги ходимини шилқимликда айблаб, аккредитация масаласи олти ойда ҳам ҳал бўлмаганини билдирганди. Шунингдек, у ўзига нисбатан босим бўлгани, ижобий материал ёзишни сўраб, қистов қилинганини айтган.

Ҳолат юзасидан Сенат раиси Танзила Норбоева, жамоатчилик ташкилоти раҳбари Комил Алламжонов, Ахборот ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш агентлиги ўз муносабатини билдирган.

2 феврал куни эълон қилинган ТИВ муносабатида эса журналистга тегажоғлик қилган ходим ишдан бўшатилгани таъкидланиб, аккредитация масаласи бир кунда ҳал бўлиши маълум қилинганди.

2020 йил 28 апрел  ҳолатига кўра, ТИВ аккредитациясидан ўтган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 53 нафарни ташкил этган. Уларнинг кўпчилиги Россия ва Марказий Осиё давлатларига тегишли ОАВ учун ишлайди. 

Мавзуга оид