Ўзбекистон | 19:51 / 03.02.2021
21093
3 дақиқада ўқилади

Тошкент марказидаги боғда «Истиқлол» мажмуаси қурилади

Тошкент шаҳри ҳокимлиги мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб қуриладиган «Истиқлол» мажмуаси лойиҳаси учун танлов эълон қилди.

Янги мажмуа Тошкент марказидаги хиёбон ўрнида қурилади: Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (ЦУМ) қаршисидаги ҳудуд танланган.

«Истиқлол» комплекси қурилиши президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрда имзолаган, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига доир қарорда кўзда тутилган.

Қарорда ёзилгандики, ёдгорлик композицияси «мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган» бўлади.

Пойтахт ҳокимлиги лойиҳа концепцияси бўйича танловни 3 февралда эълон қилди. Қатнашишни истаганлар 7 февралгача рўйхатдан ўтиши керак. Танлов 7 март куни якунланади.

Ғолиблар ҳукумат таркибида, ЎзФА Тарих институти директори Азамат Зиё раислигида ташкил этилган Республика ишчи комиссияси томонидан 10 мартгача аниқланади.

Уч нафар ғолибга мос равишда 300, 200 ва 100 млн сўм пул мукофотлари берилади.

Танлов шартларига кўра, таклифлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

  • мажмуанинг бош ғояси;
  • мажмуанинг тузилмаси – бош режаси (майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолиш шарти билан);
  • мажмуанинг асосий рамзи ва тимсоллари;
  • мажмуада акс эттириладиган тарихий воқеликлар (ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллик тарихи, сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий соҳалардаги ютуқларини инобатга олган ҳолда);
  • тарихан мамлакатимиз ривожи ва мустаҳкамланишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк аждодларимиз, миллий қахрамонларимизни мажмуада тасвирлаб бериш;
  • моддий маданият дурдоналари, буюк давлат ва ҳарбий арбоблар, атоқли аёллар, илм-фан ва маданият арбоблари, миллий озодлик кураши етакчилари ҳамда оламшумул тарихий воқеаларни акс эттириш;
  • мажмуанинг меъморий ечими – безаклар, рамзий тимсоллари;
  • дунё давлатларида бунёд этилган мустақиллик ёдгорликларидан фарқ қилган ҳолда, мажмуанинг ўзига хос хусусиятлари;
  • мажмуани бунёд этишда фойдаланиш таклиф этиладиган қурилиш материаллари (мармар, ёғоч, тош ва бошқалар);
  • мажмуанинг мазмунида тарихий манбалар, хусусан, илм-фан, санъат, архитектура ёдгорликларидан фойдаланиш;
  • мажмуанинг маънавий, маърифий ва тарбиявий аҳамияти.

Пойтахт ҳокимлиги хабарида танловда иштирок этиш бўйича батафсил маълумотларни ЎзФА Тарих институтининг сайтидан олиш мумкинлиги айтилган. Айни пайтда институт сайтига кириб бўлмаяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 январь куни 2021 йилга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишган эди. «Ўзбекистон 24» эфирида кетган кадрларда Марказий универмаг (ЦУМ) рўпарасига қуриш таклиф этилаётган мажмуа лойиҳасини ҳам кўриш мумкин.

Мавзуга оид