11:25 / 03.02.2021
19587

Янгийўлда 8 яшар қизни олиб кетмоқчи бўлган шахс қидирилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Янгийўл шаҳрида 8 яшар қизни бегона шахс олиб кетмоқчи бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат Янгийўл шаҳар ИИБ ва прокуратура назоратига олинган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

“Асосийси, ўқувчи қиз соғлом ва ота-онасининг ёнида. Мактабдаги дарсларда иштирок этмоқда”, - дейилади изоҳда.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 29 январь куни соат 12:10ларда Янгийўл шаҳрида яшовчи, 2013 йилда туғилган, 1-синф ўқувчиси С.А. дарсини тугатиб мактабдан чиққан вақтида унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.

Улар бироз йўл юргандан кейин қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, йиғлай бошлаган. Шундан сўнг, у қизга мактаб сумкасини қайтариб берган ва ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео хабарларда ҳам акс этган.

Ҳолат юзасидан келиб тушган хабарга асосан шаҳар ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари бошлангани айтилади.

Суриштирув давомида қизнинг ота-онаси видеотасвирда акс этган шахсни танимаслигини маълум қилган.

Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суруштирув ишлари давом эттирилмоқда.

“Қайд этиш жоиз, ижтимоий тармоқларда ушбу вазият билан боғлиқ бўрттирилган ёлғон ахборот ва фуқаролар томонидан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, одамларда шубҳа туғдирувчи турли овозли хабарлар тарқатилмоқда.

Шу ўринда, фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ахборот хуружлари ва ёлғон маълумотлар остидаги зарарли таъсирлардан ҳушёрликка чорлаб, журналист ва блогерлардан ҳар бир вазиятга холис ёндашишни, асосланмаган хабарларни тарқатмасликни ва нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз”, - дейилади вилоят ИИББ маълумотида.

Top