21:01 / 09.02.2021
53790

Coca-Cola Uzbekistan'ни сотиб олишга асосий талабгорлар аниқланди

Компания устав капиталидаги давлат улушини сотиш учун белгиланган мезонларга мос деб топилган талабгорлар аниқланиб, кейинги босқичга ўтказилди.

Фото: George Frey/Getty Images

2020 йил 16 декабрда «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини сотиш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги берган эълонга мувофиқ, сотувнинг биринчи босқичи якунланди.

Агентлик хабарига кўра, савдо юзасидан Осиё, Европа, Америка ва Африка қитъалари мамлакатларидан бир қанча талабгорлардан таклифлар келиб тушган.

Мазкур таклифлар «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддаси, компания устави ва унинг фаолиятини тартибга солувчи ички ҳужжатлар талаблари асосида, корхона иккинчи мулкдори билан келишилган ҳолда кўриб чиқилган ҳамда сотиш учун белгиланган мезонларга мос келган деб эътироф этилган талабгорлар аниқланиб, кейинги босқичга ўтказилган.

Ушбу талабгорлар билан музокаралар жараёни давлат улушини сотиш бўйича жалб этилган халқаро маслаҳатчилар – «Rothschild & Cie» инвестиция банки (молиявий маслаҳатчи, Франция) ва «Dentons» юридик фирмаси (юридик маслаҳатчи, Буюк Британия) иштирокида давом эттирилади.

Кейинги босқичда талабгорлар билан ошкор этмаслик тўғрисидаги тегишли битимлар имзоланади. Компания тўғрисидаги қўшимча маълумотлар, жумладан ахборот меморандуми, Coca-Cola Uzbekistan'нинг молиявий ҳисоботлари, бизнес-режаси, юридик, молиявий ва солиқ жиҳатдан ўрганиш ҳисоботлари уларга тақдим этилади.

Маълумот учун, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» – Ўзбекистонда газланган алкоголсиз ичимликларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Айни пайтда компания устав капиталидаги давлат улуши 57,1 фоиз бўлиб, унинг барчаси ошкора сотув жараёни орқали сотилиши маълум қилинган.

Аввалроқ, компаниядаги давлат улушини сотишни ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишларига хорижий компаниялар жалб этилгани, мазкур ҳиссани сотиб олиш учун 3та таклиф келиб тушгани хабар берилганди.

Сўнгра Коррупцияга қарши курашиш агентлиги компанияни хусусийлаштириш бўйича тендер шартлари адолатсиз ўтказилаётгани боис уни тўхтатиш бўйича тақдимнома киритди.

Бунга жавобан, Давлат активларини бошқариш агентлиги сотув ҳалол, очиқ ва шаффоф усулларда ҳамда дунёдаги ўзининг ўрнига эга ва номига путур етмаган халқаро компаниялар иштирокида амалга оширилаётганини билдирган.

Ўз навбатида, Аксилкоррупция агентлиги хусусийлаштириш жараёни бўйича барча асослар тушунтириб берилгани учун сотиш жараёнининг давом эттирилишига эътироз йўқлигини маълум қилган.

Top