Сигир соғишдан таппи ёқишгача — қишлоқ аёлининг бир куни
Kun.uz «Қишлоқда бир кун» рукнининг галдаги сонида қишлоқ аёллари турмушидан ҳикоя қилади.
Севара Норқозоқова – 33 ёшда, 4 фарзанднинг онаси. Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Қўрли қишлоғида яшайди. Турмуш ўртоғи фелдшер, ўзи эса уй бекаси.
Одатий ўзбек оилаларида бўлгани каби рўзғор ишлари, болалар тарбияси қаҳрамонимиз зиммасида. Қишлоқда эса бекалик юмушлари анчагина.
Севара Норқозоқова эрталаб соат 5:00да уйғонади. Биринчи бўлиб қиладиган иши – сигир соғиш. Оила рўзғорида 2 та сигир бор, ҳар биридан кунига 2–3 литр сут соғиб олинади.
Соғилган сут пиширилади, ивитиб қатиқ тайёрланади, махсус айлантиргич мосламага солиб ёғи ажратиб олинади. Қолган сутдан эса сузма тайёрланади.
Сигир соғиб бўлингач, нонушта тайёрлашга киришилади. Бунда ҳам уйни иситиш, ҳам чой қайнатиш учун печка ёқиш зарур. Уй бекасининг айтишича, ҳар куни 3 маҳалдан 3 та хонага печкага ўт ёқади.
Асосий ёқилғи турлари – таппи, оқ қуврай (чўл-даштда ўсадиган ёввойи ўт), тараша. Таппи баҳор-ёзда чорва гўнгидан тайёрланиб, қишга тайёрлаб қўйилади.
Чой қайнаб, уй исигач, бутун оила нонушта қилиш учун дастурхон атрофига йиғилади. Нонуштадан сўнг оиланинг ёши улуғ онахони дуо ўқийди, сўнг ҳамма – ўз юмуши билан андармон. Болалар мактабга йўл олишади. Қаҳрамонимиз эса одатдагидай рўзғор ишларини давом эттиради.
Нон учун хамир тайёрлаб, зувалалар қилинади. Бунда қайнона, овсин ҳам ёрдам беришади. Хамир ачишига бироз вақт қолгач, тандирга ўт ёқиб, нон ёпишга тайёрлаб қўйилади.
Нонларни тандирдан узгунча тушлик вақти ҳам бўлиб қолди. Бека дарровгина ош масаллиқларини тайёрлаб, ўчоқда ош пиширишга ҳам улгурди. Ош сузилгач, тушлик ҳам оила даврасида тановул қилинади.
Оғилхона яқинидаги таппихона эътиборимизни тортди. У ерга таппилар тахлаб қўйилган. Мезбоннинг айтишича, таппи май–октябр ойларида ясалади. Қишдаги тезаклар эса бир жойга йиғиб қўйилади, кейин кунлар илигач, сув қўшиб таппи қорилади.
Оиланинг асосий даромади – узумчилик. Ёз охирида ҳосил йиғиштирилиб, узум қуритилади. Майиз ҳолига келгач, уни сотишдан аввал навларга ажратиб сараланади. Майиз қанчалик сифатли сараланса, бозорда шунчалик қимматроққа сотилади.
Биз билан суҳбатда Севара Норқозоқова қишлоқдаги доимий муаммоларни санаб ўтди.
«Қишлоқда ҳам шаҳардагидек шароит бўлишини, газ, доимий электр токи бўлишини хоҳлардик. Қишлоғимизга газ умуман етиб келмаган. Электр токи кундузи ўчмайди. Фақат кечки пайт айни овқатланаётган, болалар дарс қилаётган пайти электр токи ўчиб қолади. Табиийки, доимий газ, электр токи бўлмагани учун ўтинга эҳтиёжимиз ошади.
Қоронғи пайти печкага ўт ёқишдан қийналамиз, ўтинлар етмай қоладиган вақтлар бўлади. Натижада уйлар совиб кетади, болалар шунинг учун қишда тез-тез касал бўлиб қолишади».
Kun.uz қишлоқлардаги турмуш манзараларини ёритишда давом этади. Рукндаги бошқа мақолалар билан ушбу ҳаволада танишинг.
Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Жаҳонгир Алибоев.
Тавсия этамиз
Нима учун Кореяни танлаш ёки танламаслик керак? | SUBYEKTIV
Жамият | 19:02 / 30.06.2025
Уруш тугади, энди Исроил ва Эрон нима қилади?
Жаҳон | 12:02 / 30.06.2025
Кўчмас мулк савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштириляпти
Иқтисодиёт | 11:26 / 30.06.2025
Ҳиндистонда ўн миллионлаб одам уран билан ифлосланган сувни ичмоқда — олимлар
Жаҳон | 09:01 / 30.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«Жасорат мактаблари»га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди
Жамият | 18:11
-
Дронлар Эверест ёнбағирларини чиқиндилардан тозалашни бошлади
Жаҳон | 18:08
-
АҚШ – футбол мамлакати эмас. У ерда мундиал ўтказиш қанчалик тўғри қарор?
Спорт | 17:44
-
Бухорода шифокор пичоқ билан ўзини жароҳатламоқчи бўлган фуқарони зарарсизлантирди
Жамият | 17:24
Мавзуга оид

12:10
Самарқандда экспортни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағни ўзлаштирган мансабдорлар аниқланди

16:39 / 23.06.2025
Саида Мирзиёева БМТ Давлат хизмати форумида иштирок этди

12:50 / 23.06.2025
Самарқандда БМТнинг Давлат хизмати форуми ўз ишини бошлади

19:04 / 21.06.2025