21:25 / 12.02.2021
4649

«Фаол фуқаролар» умуммиллий фестивалининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

5 кун давомида Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган «Фаол фуқаролар» умуммиллий фестивали 12 февраль куни якунланди. Шу куни Тошкентдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида якуний тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда «Орамиздаги қаҳрамонлар» акцияси совриндорлари, волонтёр-психологлар ва фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари тақдирланди.

Тақдирланганлар орасида карантин даврида колл-марказларда ва ҳудудларда фуқароларга ёрдам кўрсатган бир гуруҳ волонтёрлар ҳамда психологлар жамоаси, «Сардоба» сув тошқинида жонбозлик кўрсатган депутат Айсулув Ўлжаева, болаларни сув тошқинидан қутқарган профилактика инспектори Отабек Бегматов, имконияти чекланганлар учун энг оғир карантин шароитларда беминнат хизмат қилган сурдотаржимон Гулнора Маҳкамова ва бошқаларни кўриш мумкин.

LRX3V5dZja5cGOVmNy_BV73IYMVszPiZ.jpg (1280×853)

Акциянинг нодавлат нотижорат ташкилотлари йўналишида республиканинг турли вилоятларида пандемия пайтида кам таъминланган юзлаб оилаларга ҳомийлик ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатган тадбиркорлар ҳам тақдирланишди.

Ёрдамга муҳтож талабаларнинг тўлов контрактлари учун Metsenat.uz лойиҳасини ташкил этган блогер Хушнудбек Худойбердиев ва мактабга эшакда қатнайдиган қорақалпоқ ўқувчиларига жамоат эътиборини қаратган Kun.uz мухбири Шуҳрат Саидаҳмадовлар ҳам фаоллар қаторида эътироф этилди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов форумда фаол фуқароларни тақдирлар экан, жамоатчилик назоратини ташкиллаштиришда, жамиятдаги сиёсий-ижтимоий жараёнларга бефарқ бўлмасликда миллат манфаатлари кўзланишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, фестивал «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (ARGO) ва қатор ҳамкорлар кўмагида бўлиб ўтди.

Top