«Юксалиш» ҳаракати пойтахт аҳолиси ўртасида «Тошкент боғларини қандай яхшилаш мумкин? Шаҳар аҳолиси фикри» мавзусида сўровнома ўтказди. Ўрганиш шаҳар аҳолисининг яшил ҳудудларга бўлган эҳтиёж ва истакларини аниқлаш, шунингдек, уларни ободонлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган. Сўровномада 18 ва ундан катта ёшдаги 403 нафар фуқаро иштирок этди.

Респондентларнинг умумий сонидан 32,3 фоизи паркларга ҳафтада бир неча марта, 32,6 фоизи ойига бир марта, 28,3 фоизи жуда камдан-кам ҳолларда, 5,8 фоизи ҳар куни ташриф буюришини билдирган. Сўровда қатнашган фақат уч киши паркларга бормаслигини тан олди.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, машҳур боғлар орасида Tashkent City, Ғафур Ғулом боғи, Magic City, «Анҳор-Локомотив», Япон боғи, Экопарк ва Марказий боғ бор.

Респондентлар орасида энг кўп ташриф буюриладиган боғлар ва яшил ҳудудлар:

  • Tashkent City – 35 фоиз
  • Ғафур Ғулом боғи (Dream Park) – 31,2 фоиз
  • Magic City – 29,7 фоиз
  • «Мовий гумбазлар» булвари – 23,9 фоиз
  • «Анҳор-Локомотив» боғи – 23,2 фоиз
  • Япон боғи – 22,4 фоиз
  • Экопарк – 20,9 фоиз
  • Central Park – 19 фоиз
  • «Дўстлик» боғи (собиқ Бобур) – 15,9 фоиз
  • «Янги Ўзбекистон» боғи – 14,4 фоиз
  • Миллий боғ – 13,9 фоиз
  • «Ашхобод» парки – 12,8 фоиз
  • «Локомотив» боғи – 12,1 фоиз
  • Ғалаба боғи – 9,6 фоиз
  • Фурқат боғи – 7,6 фоиз.

Бундан ташқари, Ботаника боғи, River боғи, Қодирий, «Қуёшча нури» (Бектемир тумани), «Янги Сергели», Ёзувчилар хиёбони ва Амир Темур хиёбони боғлари тилга олинади.

Респондентларнинг фақат 4 фоизи боғлар ҳолатидан тўлиқ қониқишини билдирган. Респондентларнинг аксарияти (57,7 фоиз) «Умуман олганда мамнунман, лекин камчиликлар бор» деб ҳисобласа, деярли учдан бир қисми жиддий муаммолар мавжудлигини қайд этган.