15:24 / 12.02.2021
51084

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ИИББга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига ташриф буюрди.

Дастлаб бош бошқарманинг ахборот мультимедиа маркази фаолияти билан танишилди. Бу марказ энг замонавий техника ва ускуналар билан жихозланган, жиноят ва ҳодисалар тўғрисида тезкор хабарлар тайёрлаш, брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари бундай ахборот маркази ҳар бир бошқармада бўлиши кераклигини, тизимдаги ўзгаришларни халққа етказиб, аҳолининг огоҳлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.

«Ҳозир ҳамма телефонда, ижтимоий тармоқларда. Одамларни ички ишлар бўлимига чақирадиган ёки қоғоздаги мурожаатини кутиб ўтирадиган замон ўтиб бўлди. Энди туман ва шаҳар бошқармасини маҳалла билан боғлайдиган, одамлар билан онлайн мулоқот қиладиган дастурий маҳсулот яратиш керак. Бутун ички ишлар тизими ахборот технологиялари асосида ишлаши зарур», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси тизимида фойдаланилаётган махсус техника ва воситаларни кўздан кечирди.

Ташриф чоғида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг шон-шараф музейи очилди. Давлат раҳбари уни кириб кўрди.

Музейда тарихнинг турли даврларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасининг шаклланиши ва ривожланиши босқичлари акс эттирилган. Бошқарма шахсий таркибининг турли йиллардаги хизмат кийимлари, табель қуроллари, ускуна ва махсус воситаларидан намуналар кўргазмага қўйилган.

Музейнинг алоҳида бўлими ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини адо этиш пайтида ҳалок бўлган ходимларга бағишланган.

Шу ерда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ишларини бевосита маҳаллаларда ташкил этиш, профилактика инспекторларининг бу борадаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги тизим лойиҳаси тақдимот қилинди.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа маркази бошлиғи - бош бошқарма бошлиғининг матбуот котиби, капитан Ирина Сайфутдинованинг маълум қилишича, янги иш бошлаган бу марказ соҳа фаолиятини мунтазам ёритиб бориш билан бирга жиноятчиликнинг олдини олиш, хавфсиз шаҳар тамойилини амалга ошириш бўйича тарғибот ишларини ҳам бажаради. Фаолиятига қисқа муддат бўлганига қарамай марказ томонидан юзлаб роликлар тайёрланган ва ОАВга тайёр ҳолда тақдим этилган.

Бундан аввалроқ давлат раҳбари ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш, соҳа самарадорлигини ошириш, ходимларнинг маошлари ва меҳнат шароитларини яхшилаш масалалари бўйича алоҳида йиғилиш ўтказилиши хабар қилинганди.

Айни пайтда вазирликда президент раҳбарлигида соҳа фаолиятига оид кенгайтирилган йиғилиш давом этмоқда. 

Top