Жаҳон | 18:10 / 12.02.2021
25082
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти ўғлини ўзига ўринбосар этиб тайинлади

Фото: Mir24.tv

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов мамлакат Олий назорат палатаси раиси бўлди. Бу ҳақда видеоконференция кўринишида ўтган ҳукумат йиғилишида президент Бердимуҳамедов маълум қилган.

39 ёшли Сердар Бердимуҳамедов президент фармонига кўра мамлакат Хавфсизлик кенгаши таркибига ҳам киритилган. Сердар Бердимуҳамедов мамлакат Олий назорат палатаси раиси сифатида мамлакат бош вазири ўринбосарига айланди. Туркманистон бош вазири айни дамда мамлакат президенти бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов ҳисобланади. Мамлакат Вазирлар маҳкамаси тўғридан тўғри президентга бўйсунади.

Туркманистон президенти ўғлини ўзига ўринбосар қилиш учун бош вазир ўринбосарлари сонини биттага оширган. Сердар Бердимуҳамедов эндиликда давлат бошқарувида рақамли ва инновацион технологияларни киритиш масалаларига жавоб беради. Кичик Бердимуҳамедов видеоконференцияда ўзига топширилган вазифани виждонан бажаришга сўз берган, президент эса ўз навбатида унга омад тилаган.

Сердар Бердимуҳамедов 2020 йил феврал ойидан буён Туркманистон саноат ва қурилиш ишлаб чиқариши вазири бўлиб ишлаётганди. Эндиликда унинг ўрнини собиқ ёрдамчиси Баймират Аннамамедов эгаллаган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид