Жаҳон | 15:44 / 13.02.2021
9353
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШ миллий разведкасидан Россия бўйича ҳисобот тайёрлашни сўради

АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси вакилининг таъкидлашича, Вашингтон Россияда "инсон ҳуқуқларининг бузилишини диққат билан кузатиб бормоқда".

Фото: AP

Президент Жозеф Байден АҚШ миллий разведкаси директори Эврил Хейнс ва разведка жамоатчилиги таҳлилчиларидан Россиянинг “ёвуз ҳаракатлари”га нисбатан сиёсий жавоб чораларининг кенгайтирилган шарҳини тайёрлашни сўради. Бу маълумотни АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳисоботга "Россия томонининг сайловларга аралашишдан тортиб ҳакерлик ҳужумларигача ва Афғонистондаги америкалик солдатларнинг ўлими учун мукофот ваъда қилиш тўғрисидаги хабарлардан то Навалнийга нисбатан кимёвий қуролдан фойдаланишгача бўлган ёвуз ҳаракатлари” таҳлили асос бўлади.

АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси вакилининг таъкидлашича, Вашингтон Россияда "инсон ҳуқуқларининг бузилишини диққат билан кузатиб бормоқда". Прайснинг сўзларига кўра, у ва Америка маъмуриятининг бошқа вакиллари "Путин режими давридаги Россияда инсон ҳуқуқларининг даҳшатли аҳволи тўғрисида кескин фикр билдирган".

Нед Прайс бундай ҳолатлар "хоҳ Россияда, хоҳ бошқа мамлакатларда бўлсин, Вашингтон албатта эътибор қаратиши"ни таъкидлади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид