Фан-техника | 15:30 / 14.02.2021
36492
7 дақиқада ўқилади

Янги тренд: Clubhouse қандай ижтимоий тармоқ?

2021 йил янги тренд - Clubhouse ижтимоий тармоғининг оммалашуви билан бошланди. Овозли мулоқотга асосланган бу тармоққа 1,1 млн янги аъзо қўшилиши учун январ охиридаги олти кунлик кифоя бўлди. Тўғриси ҳам, Илон Маск, Марк Цукерберг сингари машҳурлар билан тўғридан тўғри мулоқотга киришишни ким ҳам истамайди дейсиз?

Фото: William Krause / Unsplash

Собиқ «гуглчилар»дан янги лойиҳа

Янги ижтимоий тармоқнинг дунёга келганига ҳали бир йил ҳам тўлгани йўқ. У 2020 йил баҳорида Google’нинг собиқ дастурчилари Пол Дэвисон ва Роган Сэт томонидан ишлаб чиқилган. Дэвисон илгари ҳам ижтимоий тармоқлар яратиш борасида бир қанча уринишлар қилиб кўрган. Улар жуда оммалашиб кетмаган, аммо пандемия кенг қулоч ёза бошлаган даврда пайдо бўлган Clubhouse изоляция шароитида янги танишув ва мулоқот иштиёқмандларини бефарқ қолдирмади. Омма эътиборига ҳавола этилганининг дастлабки ойларидаёқ стартапер, венчур-инвестор, ёзувчи, журналист, шоу-бизнесдан минглаб вакилларни ўзига жалб қилди.  

Clubhouse’нинг асосий «фишка»си бу – реал вақт режимидаги жонли мулоқот. Суҳбатни паузага қўйиш, орқага қайтариш, тезлаштириш ёки ёзиб олишнинг имкони йўқ. Мулоқот фақатгина овозли шаклда ва реал вақт режимида амалга ошади.

Ушбу стартап ҳали ҳеч қандай даромад кўрмаётган бўлса-да, тезкор суръатда оммалашиб бораётгани боис сўнгги таҳлилларга кўра 1 млрд долларга баҳоланган. Январ охиридаги ҳолатга кўра, тармоққа уланганлар сони 3,6 млн, фаол фойдаланувчилар эса 2 млн нафарни ташкил қилмоқда.

Илон Маск – тармоқ «пиармен»и

Clubhouse ўзининг оммалашуви учун Илон Маскдан миннатдор бўлса арзийди. Tesla асосчи 1 феврал куни Clubhouse’да суҳбат ташкил қилишини маълум қилди. Албатта, бу унинг Twitter’даги 46 млн обуначисини бефарқ қолдирмади. Маскнинг Clubhouse’даги интервьюси катта қизиқиш келтириб чиқарди. Тармоқ қоидаларига зид бўлишига қарамай, суҳбат ёзиб олиниб, YouTube’га ҳам жойланди. Financial Times’га кўра, Илон Маскнинг интервьюсидан сўнг Clubhouse акциялари қиймати 100 фоизга қимматлаган.

Илон Маскнинг Clubhouse’даги интервьюси:

Орадан бир ҳафта ўтиб Facebook асосчиси Марк Цукерберг ҳам бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билан жонли суҳбатга киришиши Clubhouse’га бошқа таниқли шахсларнинг аъзо бўлиши ва тармоқ янада оммалашишига сабаб бўлди.

Тармоқ қандай ишлайди?

Илова ҳозирча фақат IOS дастурларида ишлайди (Android версияси ишлаб чиқиш жараёнида). Тармоққа уланиш учун унинг аъзоларидан бири сизга таклиф юбориши керак бўлади. Бундай таклифларни ҳатто eBay ва Alibaba маркетплейсларида сотиш ҳам йўлга қўйилган. Битта аъзо фақатгина иккита таклиф юбориш ҳуқуқига эга. Муайян вақтдан кейин яна таклиф бериш ҳуқуқи қайтарилади. Ёки joinclubhouse.com сайти орқали тармоққа киришингизга рухсат беришларини кутиш ва профил учун номни банд қилиб қўйиш мумкин.

Суҳбатда иштирокчиларнинг тасвирлари кўринмайди, фақатгина профилга қўйилган сурат намоён бўлиб туради, холос. Бу эса суҳбатда исталган жой ва ҳолатда қатнашиш қулайлигини беради.

Регистрация жараёнида ўзингизга қизиқарли бўлган мавзуларни танлаш таклиф этилади. Бу кейинчалик сизга қизиқ бўлган мавзуда суҳбатлар бўлаётганидан хабардор қилиш учун асқатади.

Тармоқда шахсий ёзишмалар, изоҳ қолдириш, пост эълон қилиш каби имкониятлар йўқ. У тармоқ аъзолари ўз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда турли мавзуларда суҳбатлар ташкиллаштирадиган «хона» ва «клуб»лардан иборат.

Хона – суҳбат ўтказиладиган жой. У барча учун очиқ (public), ёпиқ ёки фақатгина бир клуб аъзолари учун бўлиши мумкин. Ҳар қандай фойдаланувчи хона очиш ва мулоқотни бошлаш имкониятига эга. Бунда обуначиларингизга суҳбат бошлаганингиз ҳақида хабар боради. Улар суҳбатга қўшилса, ўз навбатида уларнинг обуначилари ҳам бундан хабар топишади. Шу тариқа, суҳбат доираси кенгайиб боради. Суҳбат учун хонани аввалдан тақвимга киритиб режалаштириш ва Clubhouse’нинг ўзида, Twitter ва бошқа тармоқларда бу ҳақида хабар қолдириш мумкин.

Битта хонага 5 минг нафаргача фойдаланувчи уланиши мумкин. Хонага уланганлар шунчаки тингловчи бўлиб қолмай, хоҳишга кўра суҳбатга қўшилишлари ҳам мумкин.

Клубни эса умумий мавзуга қизиқувчи фойдаланувчилар жамиятига қиёслаш мумкин. Клуб ташкил қилиш учун сервис рухсатини олиш керак бўлади. Бу бўйича сўровингиз кўриб чиқилиши учун хонада камида уч марта суҳбат ташкил қилишингиз керак. Тез орада клубни эркин ташкил қилиш функцияси ҳам қўшилиши ваъда қилинмоқда.

Блок ва эътирозлар

Ишга тушганининг бир йиллигини нишонлашга улгурмасданоқ, Clubhouse блокланишга ҳам улгурди. Хитой AppStore’ларида бу илова мавжуд бўлмаса-да, маҳаллий аҳоли AppleId’га киритилган географик жойлашувни ўзгартирган ҳолда Clubhouse’ни юклаб олишди. Тармоққа уланиш учун таклифлар эса ҳатто Twitter, eBay ва Alibaba орқали сотиб олинди. Натижада Clubhouse Хитойда цензурасиз мулоқот майдончасига айланди – сиёсат, Ҳонгконг, демократия ва инсон ҳуқуқлари мавзусида суҳбатлар авж олди. Оқибатда 8 феврал куни Clubhouse Хитой ҳукумати томонидан блокланди.

Бундан ташқари, ижтимой тармоқнинг ишлаш алгоритмлари айрим эътирозларга ҳам сабаб бўлмоқда. Clubhouse’да ҳеч қандай модерация ва цензура мавжуд эмас. Унда коронавирус ва вакциналар билан боғлиқ конспирологик қарашлар, террористик актлар каби мавзуларда ҳам очиқ сўз юритилмоқда. «Бошқа платформалар ўз фойдаланувчиларини ёлғон, ростлигига шубҳа бўлган маълумотлар ҳақида огоҳлантиради. Clubhouse’да эса дезинформацияга қарши туриш бўйича ҳеч қандай чора назарда тутилмаган. Иловада изоҳ қолдириш, «лайк» ёки бошқа реакцияларни билдириш имконияти ҳам йўқ, шу боис фойдаланувчиларнинг суҳбатда билдирилаётган маълумот ва фикрларга муносабатини аниқлаш ҳам имконсиз», деб ёзмоқда Vanity Fair нашри.

Шунингдек, илова жонли мулоқотни ёзиб олишни тақиқлаган. Смартфонда диктафон ёқилган пайтда бу тақиқ ҳақида дисклеймер, блокланишдан огоҳлантириш пайдо бўлади. Аммо шунга қарамай, кўплаб суҳбатлар ёзиб олиниб, YouTube’га жойланмоқда. Бундан ташқари, бу тақиқни қандай четлаб ўтиб, ёзиб олишни ўргатувчи видеолар ҳам пайдо бўлишга улгурган.

Суҳбатларнинг тармоқдан ташқарига сизиб кетиши эса фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқдан норозилигига ва ундан чиқиб кетишига сабаб бўлиши эҳтимоли ҳам тахмин қилинмоқда.

 

Мавзуга оид