Жамият | 18:38 / 18.02.2021
28933
7 дақиқада ўқилади

Пайариқда банкнинг «темир дафтар»дагиларга кўрсатган ҳиммати қимматга тушди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги оилаларни «темир дафтар»дан чиқаришда иссиқхоналар қуриб бериш кўзда тутилганди. Таҳририятга ёзишларича, имтиёзли кредитларнинг имтиёз даври ўтиб бўлса ҳамки, иссиқхоналар қуриб берилмаган, қурилганлари ҳам сифатсиз.

Туман прокурори сектори — Марказ қишлоғида қурилган иссиқхоналарнинг иккитаси бир қорга бардош бермаган — икки кунда қулаб тушган. Қолган иккитасида эса иш ҳануз якунига етказилмаган. Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Пайариқ туманида бўлди.

Мурожаатчилардан бирининг ишончли вакили Муҳаммад Ҳаққуловнинг айтишича, у манфаатларини ҳимоя қилаётган шахс Низом Ўташев 2020 йилнинг ёз ойларида имтиёзли кредит олиш мақсадида Халқ банкининг Пайариқ филиалига мурожаат қилади. Мақсад – оиласининг иқтисодий аҳволини яхшилаш. Унинг бу нияти аввалига тезда амалга ошгандек бўлади. Таассуфки, у ҳали иссиқхонани тайёр ҳолатда қабул қилмай туриб, банк ходимлари унинг уйига имтиёз муддати тугаган кредитни қайтариш жадвалини ташлаб кетишади.

«Н.Ўташев томонидан банкка имтиёзли кредит оламиз деб ҳужжатлар топширилганидан сўнг таъминотчи – «BOBURJON TRADE STAR» МЧЖ томонидан иссиқхона жойи қазилиб, профиллар ўрнатиб кетилди. Келиб ишларини давом эттиришар, устини ҳам ёпиб берар, деган хаёлда юрганимизда, унинг имтиёз муддати тугагани тўғрисида банкдан хабар берилди.

Қизиғи, ҳали иссиқхонани қабул қилиб олмагандик. Шу сабабли тегишли идораларга эътироз билдирдик. Шундан сўнг жорий йилнинг 19 январ куни иссиқхонанинг устига плёнка ёпиб кетишди. Икки кун ўтиб қор ёғди ва кечаси иссиқхона қулаб тушди», — дейди Муҳаммад Ҳаққулов.

Ҳаққуловнинг қўшимча қилишича, у иссиқхона қурилишидан аввал бу соҳа билан даромад қилаётганларнинг фаолиятини кузатган. У «BOBURJON TRADE STAR» МЧЖ томонидан барпо этилган иссиқхонада бир қатор камчиликлар борлигини айтмоқда. Банк ходимлари нега таъминотчига шунча маблағни ўтказиб бергандан сўнг ишнинг сифатини келиб бир назорат қилишмайди, дея эътироз билдирмоқда.

Маълум бўлдики, Низом Ўташевга иссиқхона учун олти ойлик имтиёз даври билан 36 ойга 14 фоизлик кредит ажратилган. Кредит миқдори 29 949 999 сўмни ташкил этмоқда.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи яна бир тадбиркор — Анвар Эгамовда ҳам шунга яқин ҳолат. Айнан «BOBURJON TRADE STAR» МЧЖ томонидан август ойида иссиқхона учун чуқур қазилиб, профиллар ўрнатиб кетилган. 2020 йил декабр ойи охирларига келиб, кредитни қайтариш кераклиги ҳақида банкдан хат борган. Табиийки, иссиқхонадан даромад олиб, қарзни қайтаришни ният қилиб юрган бу оиланинг ҳам қўлида тайинли маблағнинг ўзи бўлмаган. Шартнома қилинган кундан бошлаб «вақт счётчиги» ишлай бошлагани сабабли, уларнинг иссиқхонаси қуриб битказилдими-йўқми, бу масала банкни қизиқтирмаган.

Анвар Эгамов таъминотчидан иссиқхонани якунига етказиб беришни сўраганида, «вақтим бўлганда бориб ишни тугатаман» деган жавоб олганини айтмоқда. У нафақат ҳамқишлоғининг иссиқхонасини қор босиб қолгани, балки ўзиники ҳали қуриб битказилмаганидан ҳам хавотирда.

Дарвоқе, иссиқхоналарни қуриб берган таъминотчи корхона – «BOBURJON TRADE STAR» МЧЖнинг асосий фаолият тури маргарин ва овқатга ишлатиладиган аралаш ёғлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган экан. Умуман, ушбу корхонанинг иссиқхона қуришда тажрибаси бор-йўқлиги, таъминотчи корхоналар қай тартибда бу лойиҳага жалб қилинишини билиш мақсадида Халқ банкининг Пайариқ филиалида бўлдик.

«Аввалги йилларда таъминотчилар ҳокимлик томонидан тасдиқланарди. Энди мижознинг ўзи таъминотчи билан келишяпти ва ҳужжатларини банкка тақдим қиляпти.

Биз фақат шартнома суммасига эътибор қиламиз. Айтайлик, қурилган иссиқхонага ўша ажратилган миқдордаги маблағ сарфланганми-йўқми, шунга аҳамият берамиз. Таъминотчини мурожаатчиларнинг ўзи топган, биз аралашмаганмиз. Аммо ушбу фирма иссиқхона қуриш фаолияти билан шуғулланиб келган. Қолаверса, прокурор секторида бўлгани учун прокуратура назоратида ҳам бўлган», — деди Халқ банки Пайариқ туман филиали бўлим бошлиғи Анвар Қодиров.

«BOBURJON TRADE STAR» МЧЖ раҳбари Бунёд Мамасолиев билан ҳам телефон орқали боғландик.

«Очиғи, ўша ҳудуднинг иқлими ва ерининг ноқулайлиги сабабли қурган иссиқхонамиз талабга жавоб бермади. Қолаверса, буюртмачилар ҳам бизга «Нексия»нинг пулини чиқартириб, «Ласетти» талаб қилгандай бўляпти. Бу маблағга ундан ортиқ иссиқхона қуриб бўлмайди. Сарфланган ишчи кучи, зарари ўзимизнинг бўйнимизда, ишлатилган материалларни қайтариб олиб келамиз. Банк билан ҳисоб-китобни ўзимиз қиламиз, олинган маблағ ҳам қайтарилади», — деди у.

Тушундикки, таъминотчи бизга мурожаат қилган фуқароларнинг иссиқхонаси қурилишини якунига етказмоқчи эмас. Бунёд Мамасолиевнинг айтишича, улар ишчиларга қўпол муносабатда бўлишган. «Ғаллакор» маҳалласи тоғли жой бўлгани учун иссиқхона лойиҳаси ўзини оқламаган. Шу сабабли ўзининг зарарига бўлса ҳам, банкдан иссиқхона учун имтиёзли кредит дея ажратилган маблағни яна банкка қайтармоқчи бўляпти.

Бир нарса аниқ: мен қурилишни охирига етказмайман, зарарни ўзим қоплайман, деб турган одамни мажбурлаб бўлмайди. Қурувчи иссиқхона учун ишлатилган маҳсулотларни олиб кетар, маблағ банкка қайтарилар ҳам. Бу энди алоҳида масала.

Яна бир гап, банк вакили ҳақиқатан ҳам ажратилган маблағ иссиқхона учун сарфлангани назорат қилинишини айтганди. Шундай экан, у нега ҳали фойдаланишга топширилмаган иссиқхона учун мижоздан кредитни қайтаришни талаб қиляпти?

Англашиладики, банк ходими катта эҳтимол билан бу ўринда камида иккита ёлғон ишлатяпти. Биринчидан, «таъминотчи иссиқхона қуриш фаолияти билан шуғулланиб келган», деганда ёлғон маълумот беряпти. Иккинчидан, банкдан ажратилган маблағнинг чиндан ҳам кўзда тутилган манзилга йўналтирилганини назорат қилганмиз, деб алдаяпти.

Демак, ҳақли савол туғилади. Зарарни фақат таъминотчи корхона қоплаши керакми ёки ишига масъулият билан ёндашмаётган, кўр-кўрона фуқародан кредитни қайтаришни талаб қилаётган банк ходими ҳамми? Умуман, бу жараёнда банкнинг бирор ходими офисдан чиқиб, иссиқхонанинг ҳолати, ажратилган маблағ қай тарзда сарфланаётгани билан қизиқиб кўрганми ўзи? Ўз номи билан «имтиёзли» дейилаётган кредитнинг имтиёзи қани? Ҳали ҳосил олиш у ёқда турсин, қурилиш ғалваларидан қутула олмаётган тадбиркорлик орзусидаги «темир дафтар»дагиларга бунақа «ҳимматнинг» кераги бормикан?

Шуҳрат Шокиржонов, Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид