Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Наманган вилоятига ташрифини Янгиқўрғондан бошлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Наманган вилоятига ташрифини Янгиқўрғон туманидан бошлади.
Давлат раҳбари 2020 йил июнида вилоятга ташрифи вақтида Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларини боғдорчиликка ихтисослаштириш яхши самара беришини айтган, 2021 йил 11 январида эса «Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинганди.
Шунга мувофиқ, ушбу тоғли туманларда замонавий боғ ва токзорлар ташкил этилмоқда.
Улардан бири – Янгиқўрғондаги «Sura General Investments» масъулияти чекланган жамиятининг боғи. Бу ер илгари суғорилмаган, шу сабабли ундан унумли фойдаланилмас эди. Бирлашган Араб Амирликларининг 3 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси ҳисобига 103 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилди.


250 метр чуқурликдан сув чиқарилган. Ҳовуз қазилиб, томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган. Ўтган йили Италиядан кўчатлар олиб келиниб, 48 гектарга гилос, 26 гектарга ўрик, 22 гектарга шафтоли, 7 гектарга олхўри экилган.
«Президентимиз боғнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди. Бу ердаги меваларнинг ҳосилдорлиги оддий усулдагисига нисбатан 3 баробар юқори. Навлари ҳам бозорбоп. Томчилатиб суғориш тизими натижасида ҳар гектар ердан 2 баробар кўп сув иқтисод қилиш мумкин.
Дарахтлар келгуси йили ҳосилга киради. Боғнинг йиллик қуввати 5 минг тонна бўлади. 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Корхона яна минг гектарда боғ яратишни мақсад қилган.
Боғда 40 киши иш билан таъминланган. Қатор ораларида сабзавот етиштириш учун ишсиз ёшларга ер бўлиб берилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари шундай ёшлар билан суҳбатлашди.
«Сизларнинг ишли бўлганларингни, кайфиятларингни кўриб хурсандман. Йўлларингизни топиб, иш билан бўлиб, бирингизни икки қилиб, фарзандлар камолини кўриб яшасаларингиз - менинг энг катта мақсадим шу. Бунинг учун шу билан чегараланмай, кўпроқ билим олишингиз, янги марраларга интилишингиз керак», деди Шавкат Мирзиёев.
Илгари наманганлик 160 минг киши хорижга иш излаб кетгани, бугун яратилаётган имкониятлар натижасида 100 минги юртимизга қайтиб келгани таъкидланди.
«Ёшлар йўлини тасаввур қилолса, куч пайдо бўлади. Қийинчиликлардан, синовлардан хафа бўлмаслик керак. Ҳаёт мактабини ўтаган инсон дунёга бошқача қарайди. Ёшларнинг яхшисиям, ёмониям бизнинг фарзандларимиз. Сизларга ўхшаган интилувчан, эртанги кунига бефарқ бўлмаган, касб-ҳунарли ёшлар бошқа тенгдошларига ўрнак бўлиши керак», деди президент.

Давлат раҳбари интенсив боғнинг инвестори билан мулоқотда бўлди.
Шу ерда Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.


Мавзуга оид
11:24 / 23.05.2026
Эҳтиётсизлик оқибати: ҳожатхонага тушиб кетган бола қутқарилди
10:25 / 20.05.2026
Наманганда дўл ёғмаслиги учун булутларга таъсир кўрсатилди
21:10 / 03.05.2026
Наманганда аёл укол олаётганда вафот этгани бўйича жиноят иши қўзғатилди
11:51 / 21.04.2026