Жаҳон | 14:33 / 19.02.2021
2569
2 дақиқада ўқилади

Канада ва Австралия Facebook'га нисбатан босимни кучайтирмоқда

Австралия бош вазири Скотт Моррисон Facebook киритган чекловларни мамлакатга нисбатан таҳдид деб атади.

Фото: Getty Images

Facebook компаниясига нисбатан Австралия ҳукумати томонидан босим кучаймоқда. Канада ҳам ижтимоий тармоққа қарши худди Австралия каби чора кўришини билдирди. Канада маданият вазири Стивен Гилбо Facebook’ни танқид қилди ва компания унинг мамлакатини тиз чўктира олмаслигини таъкидлади.

Низо Facebook австралиялик фойдаланувчиларни маҳаллий ва халқаро янгиликларни кўриш имкониятидан маҳрум қилганидан сўнг кучайди. Ижтимоий тармоқ Facebook, Google ва бошқа интернет гигантлар рекламадан тушган даромадни ОАВ билан бўлишиши кераклигини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси Австралия парламентига тақдим этилганидан сўнг ана шундай йўл тутганди. Вакиллар палатаси лойиҳани маъқуллади, келаётган ҳафтада сенат ҳам маъқуллаши керак.

Стивен Гилбо Канадада ҳам ана шундай қонун қабул қилишни режалаштирган.

"Канада бу курашда сафнинг бошида туради", - деди у.

Австралия бош вазири Скотт Моррисон Facebook киритган чекловларни мамлакатга нисбатан таҳдид деб атади.

"Бу Австралия, агар бу ерда бизнес юритишни истасангиз, бизнинг қоидалар асосида ишлайсиз. Facebook кеча амалга оширган иш ўзига хос таҳдид ва бу улар томонидан қўйилган яхши қадам эмас", - деди Моррисон.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид