Жаҳон | 14:31 / 21.02.2021
4659
2 дақиқада ўқилади

Австралияда CОVID-19’га қарши эмлаш бошланди

Австралияда 21 февралда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Грег Хант ABC канали эфирида маълум қилди.

Унинг айтишича, CОVID-19’ га қарши биринчилардан бўлиб бош вазир Скотт Моррисон, бош санитар шифокор Пол Келли ва ҳамширалар хизмати бошлиғи Элисон Макмиллан эмланган. Эмлов Pfizer / BioNTech вакцинаси ёрдамида амалга оширилган.

"Бугун биринчи гуруҳ кишилари эмланади, улар таркибига 2 фахрий, қариялар уйининг бир неча ходими, илғор бўғин ишчилари киради",-деб қўшимча қилди Соғлиқни сақлаш вазири.

Унинг айтишича у ва Соғлиқни сақлаш федерал департаменти бошлиғи Брендан Мерфи яқин кунларда AstraZeneca вакцинаси билан эмланади.

Режага кўра, Австралияда асосий эмлаш дастури 22 февралда бошланади. Илк ҳафта давомида мамлакатнинг 190 шаҳрида 60 мингга яқин одамни эмлаш режалаштирилган.

Австралия раҳбарияти 150 миллион доза вакцина олишга шартномалар имзолаган. Жумладан, CОVAX дастури бўйича AstraZeneca вакцинасидан 53,8 млн доза, Novavax’дан 51 млн доза, Pfizer/ BioNTech вакцинасидан 20 млн доза ва бошқа турдаги 25 млн доза вакцина олинади.

Охирги маълумотларга кўра, айни вақтда дунёда 200 миллиондан кўпроқ киши, яъни дунё аҳолисининг 2,6 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини олиб бўлди.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид