Жамият | 23:29 / 22.02.2021
9986
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда ота фарзандларининг алименти ўрнига собиқ рафиқасига «Spark» калитларини топширди

Қўқон шаҳрида яшовчи эркак икки нафар фарзандининг алимент тўлови сифатида собиқ рафиқасига «Spark» машинасининг калитларини топширди.

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди 2020 йил 14 декабрда қарздор эркакдан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ рафиқаси фойдасига иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Мажбурий ижро бюросининг Қўқон шаҳар бўлими алимент ундириш бўйича ижро иши юритуви қўзғатилгани ҳақида қарздорга хабар берган, алимент тўламаслик қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ва мунтазам равишда ҳар ойда белгиланган муддатларда алиментни тўлаб бориши шартлиги тушунтирилган.

Бюро матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, 19 февраль куни қарздор эркак фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар алиментни олдиндан тўлаб беришга қарор қилганини айтган.

Маълум бўлишича, у бу борада собиқ рафиқаси билан ўзаро келишиб олган.

Ҳисоб-китобларга кўра, олдиндан тўлаши лозим бўлган 65 млн сўм алимент пули ўрнига ўзига тегишли бўлган, тарафлар келишувига кўра 6700 долларга баҳоланган «Spark» русумли автомашинани топширган.

Қайд этилишича, Қўқон шаҳридаги нотариал идорада бу жараён процессуал расмийлаштирилиб, аёл алимент пулидан воз кечганини ўз аризаси билан тасдиқлаган.

Мавзуга оид