00:21 / 23.02.2021
8448

Президент Навоий вилоятидаги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Навоий вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Навоий вилояти – саноатлашган ҳудуд. Тоғ-кон, кимё, қурилиш материаллари ва тўқимачилик тармоқлари вилоят иқтисодиётининг драйверлари ҳисобланади. Бу ерда йилига 65 триллион сўмликдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Расмий релизга кўра, жорий йилда Навоий вилоятида 576 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Уларнинг умумий қиймати 18,6 триллион сўм.

Соҳалар кесимида айтганда, лойиҳаларнинг 200 таси саноат, 179 таси хизмат кўрсатиш, 197 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларида. Буларнинг натижасида қарийб 18 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилиб, 16 мингта иш ўрин яратилади. 123 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрланиб, 125 миллион долларлик экспорт таъминланиши кўзда тутилган.

Хусусан, қурилиш материаллари тармоғида акрил тош, базальт панеллар, ёғоч толали плиталар, пол ва девор учун қопламалар, шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Мисол учун, Зарафшон шаҳрида ойна корхонасини шу йил декабрда ишга тушириш режалаштирилган. Унда 350 киши меҳнат қилади.

Кимё саноатида 20 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, жорий йилда 9 таси фойдаланишга топширилади. Натижада талаб юқори янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, 430 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланади.

Тўқимачилик тармоғидаги лойиҳалар ҳам истиқболли. Хусусан, жорий йилда барча шаҳар ва туманларда 28 та корхона ташкил этилиб, 5 800 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Давлат раҳбари лойиҳаларни сифатли, илмий ёндашган ҳолда амалга ошириш, замонавий технологияларни жалб этиб, қўшимча қиймат яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб, экспортга йўналтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Top