Иқтисодиёт | 12:23 / 26.02.2021
4996
2 дақиқада ўқилади

Техасдаги совуқ об-ҳаво нефт нархига таъсир қилди

Сўнгги маълумотларга кўра, Brent нефти нархи 0,4 фоизга ўсиб, бир баррели учун 65,51 долларни ташкил этди. WTI нефти эса 0,5 фоизга қимматлаб, бир баррели 62 долларга баҳоланмоқда.

Aмерика банки ҳисоботига таяниб Reuters’нинг хабар беришича, Brent типидаги нефт нархлари коронавирус пандемияси, Техасда ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши, ОПЕК+ ишлаб чиқариш чекловлари ва глобал валюта стимулининг тенгсизлиги сабаб ўсиб бормоқда.

Сўнгги ўсиш кўрсаткичларида Brent нефти нархи 0,4 фоизга ошиб, бир баррели учун 65,51 долларни ташкил этди. WTI нефти эса 0,5 фоизга кўтарилиб, бир баррели учун 62 долларга баҳоланди.

Банк прогнозларида Brent нефтининг 2021 йилда баррели учун ўртача 60 доллар бўлиши кутилмоқда. WТI нефтининг бу йил учун ўртача бир баррели 57 долларни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

«2021 йилнинг иккинчи чорагида Brent нархлари вақтинча баррелига 70 долларга кўтарилиши мумкин», дейилади банк таҳлилчилари нотасида.

Маълум қилинишича, Саудия Aрабистони феврал ва март ойларида нефт қазиб олишни қисқартиради.

Яқинда АҚШда нефт қазиб олишнинг умумий ҳажми учдан бир қисмга – рекорд даражага камайгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид