11 февралга ўтар кечаси АҚШнинг Мексика билан чегарадош Эл-Пасо шаҳридаги аэропорт кутилмаганда ёпилди. Федерал авиация бошқармасини (FAA) назорат қилувчи АҚШ Транспорт вазири Шон Даффи ҳудудда Мексика жиноий картелига тегишли дроннинг пайдо бўлиши ҳаво қатновини тақиқлашга сабаб бўлганини билдирди. Дастлаб бу тақиқ 10 кунга режалаштирилган эди, бироқ кейинчалик у 7 соатгача қисқартирилди.

Reuters'нинг ёзишича, 700 минг аҳолиси бор шаҳар ҳаво ҳудуди деярли ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ёпиб қўйилиши — АҚШ авиацияси тарихида мисли кўрилмаган ва хавфли ҳолатга сабаб бўлган. Бу нафақат транспорт логистикасини издан чиқарди, балки миллий хавфсизлик тизимидаги жиддий узилишларни фош қилди.

Мексика президенти маъмурияти 11 февраль тонгида чегара бўйлаб дронлар ҳаракати ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.

Ҳарбийлар янги қуролни синаган бўлиши мумкин

Аслида аэропорт ёпилишининг асл сабаби картель ҳужуми эмас, балки Пентагон ва Федерал авиация бошқармаси ўртасидаги келишмовчилик бўлиши мумкин.

Axios нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари аэропорт яқинидаги Fort-Bliss базасида дронларга қарши янги лазер қуролларини синовдан ўтказмоқчи бўлган.

Авиация бошқармаси эса ушбу лазерлар фуқаролик самолётларининг датчикларига зарар етказиши ёки учувчиларни кўр қилиши мумкинлигидан хавотир олиб, ҳаво ҳудудини бутунлай ёпган. Натижада икки идора ўртасида ўзаро мувофиқлаштириш бўлмагани учун «10 кунлик ёпилиш» ҳақидаги ваҳимали қарор эълон қилинган.

Эл-Пасо аэропорти / Фото: AP

Авиация экспертлари ҳам аэропорт яқинида дрон кўриниши одатда узоқ муддатли чекловга эмас, балки қисқа танаффусга сабаб бўлишини таъкидламоқда.

Нашрнинг қайд этишича, АҚШ Транспорт вазири Шон Даффи ва Оқ уй воқеани дарҳол «Мексика картеллари таҳдиди» деб талқин қилган. Бироқ, бу – сиёсий қалқон эди: маъмурият ўз ичидаги техник ва бюрократик хатони яшириш учун ташқи душманни айблаш йўлини танлаган, деб ёзмоқда Axios.