16:27 / 26.02.2021
37553

Зеленский Россияга мурожаат билан чиқди

Зеленский Қримни «деоккупация» қилиш чоралари тўғрисидаги қонунни имзолагани, бу чоралар орасида қрим-татар маданиятини қўллаб-қувватлаш ва яриморол аҳолиси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кабилар борлигини айтди.

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Владимир Зеленский Россияга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда «Обозреватель» портали хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, украинлар ва руслар орасидаги нафратга барҳам бериш учун Россия Қримни Украинага қайтариши керак.

«Қрим Украинанинг юраги эди. Қуёшли, меҳрибон, ёруғ. Етти йил аввал юрагимизни суғуриб олишди. Буни ким қилганини ҳеч қачон унутмаймиз ва буни қилишга йўл қўйганларни ҳам асло ёддан чиқармаймиз. Айримлар юрагимизни қонуний ва ҳурмат билан суғуриб олишганига ишонтиришди. Энди эса уни қўлларида ғижимлаганча Украина нима учун хафа бўлганини, нега яхши муносабатларни истамаётганини, нима учун буни унута ва кечира олмаётганини англай олишмаяпти», — деди Зеленский.

У Қримни «деоккупация» қилиш чоралари тўғрисидаги қонунни имзолагани, бу чоралар орасида қрим-татар маданиятини қўллаб-қувватлаш ва яриморол аҳолиси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кабилар борлигини қўшимча қилди.

Қрим 2014 йилда референдум натижасида Россия таркибига кирган. Украина, ЕИ мамлакатлари ва АҚШ референдум натижаларини тан олмаган ва яриморол Россия томонидан аннексия қилинган деб ҳисоблаган.

Top