Жаҳон | 17:20 / 27.02.2021
4279
2 дақиқада ўқилади

АҚШ вакиллар палатаси 1,9 трлн долларлик "Американи қутқариш режаси"ни маъқуллади

Режага кўра, миллий вакцинация дастурини ривожлантириш, мактабларни хавфсиз тарзда очиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаётган оилаларга 1,4 минг доллардан бериш, ишсизлик бўйича 400 доллар ҳафталик федерал устама тўлаш ва 3,6 минг долларгача болалар нафақасини беришга қарийб 2 трлн доллар сарфланади.

Фото: Tom Brenner / Reuters

Конгресс вакиллар палатаси АҚШ президенти Жо Байденнинг Америка иқтисодиётини қутқариш ва пандемия даврида аҳолига ёрдам бериш режасини маъқуллади. Режада ушбу мақсадлар учун 1,9 трлн доллар ажратиш кўзда тутилган.

Энди ушбу режани сенат кўриб чиқиши лозим. Агарда режа маъқулланса, у федерал ҳукуматнинг коронавирусга қарши курашиш бўйича олтинчи дастури бўлади.

Режага кўра, миллий вакцинация дастурини ривожлантириш, мактабларни хавфсиз тарзда очиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаётган оилаларга 1,4 минг доллардан бериш, ишсизлик бўйича 400 доллар ҳафталик федерал устама тўлаш ва 3,6 минг долларгача болалар нафақасини беришга қарийб 2 трлн доллар сарфланади.

"Американи қутқариш режаси" энг кам иш ҳақи миқдорини соатига 7,25 доллардан 15 долларгача ошириш дастурини ўз ичига олади.

Байден "Американи қутқариш режаси"ни 20 январ куни эълон қилганди. Айрим иқтисодчилар ушбу чоралар пакетини жуда йирик деб ҳисоблашмоқда ва унинг қабул қилиниши иқтисодиётга зарар етказишидан хавотирланишмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид