Спорт | 15:13 / 02.03.2021
19528
7 дақиқада ўқилади

Осиё рекордини янгилаган Моҳигул: у энди Токиони забт этмоқчи

Жорий йилнинг 10–14 феврал кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара енгил атлетика бўйича Гран-при мусобақаси бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада муносиб иштирок этган пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 13та олтин, 5та кумуш ва 6та бронза, жами 24та медал билан қайтди.

Ушбу мусобақада Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидан Моҳигул Ҳамдамова ҳам муваффақиятли иштирок этиб, Гран-прининг олтин ва кумуш медалларини қўлга киритганди.

У диск улоқтириш мусобақасининг F57 классида 32,49 метр натижа кўрсатиб, олтин медални қўлга киритган ва Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлган. Ядро улоқтириш мусобақасида эса кумуш медал соҳибига айланган.

«Шунча орзу қилиб кутган кунларим келди. 35та ўқув-йиғин машғулотларидан кейин мусобақа бошланди. Стадионга олиб киришди, қарасам, рақибларим отишмоқда. Ҳаяжондаман. Яратгандан нола қилиб сўрадим: «Аллоҳим, юзимни ёруғ қилгин», дея.

Кейин секторга олиб киришди. Биринчи отган тошим 29,80 натижада чиқди. Ундан кейин 31,37 чиқди. Орада биттасини ҳисобга олмади. Чунки, отиш жараёнида столда қимирлаш мумкин эмас эди. Мен биттасини отишда қимирлаб юбордим. Охиргисини отишда кўзларимни маҳкам юмдим. Кўз олдимга онам, ватаним, устозларим қилган меҳнатлари келди. Сўнгги улоқтиришимда 32,49 метр натижа қайд этилган экан. Таблода 32 сонининг ўзини кўрдим. Давомини кўра олмадим. Одамлар тўсиб қолишган эди. Одамлар «Ўзбекистон, Ўзбекистон» дея бақира бошлади. Устозларим ҳам хурсанд бўлиб бақира бошлади. Тўғриси, ўзим ҳам Осиё рекордини янгилашни кутмаган эдим», дейди спортчи қиз.

Спортчининг онаси Холидахон Ҳамдамова суҳбатга аралашди.

«Мусобақа бошланишини интизорлик билан кутдим. Ўзимга сиғмасдим. Соат тонгги тўртларга яқин куёвим телефон қилди: «Она, табрикланг, қизингиз олтин медални қўлга киритди», деди. Ўзимга сиғмай кетдим. Шу вақт акаси келиб қолди. Ўғлимни маҳкам қучоқлаб, йиғлаб юбордим», дейди онахон кўз ёшларини яшира олмасдан.

Моҳигул Ҳамдамова 1995 йилда Учкўприк туманининг «Тўқсонқовун» маҳалласида туғилган. 2011-2015 йилларда Фарғона шаҳар имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежида ўқиган. Уни битиргач, Қўқон давлат педагогика институтининг жисмоний маданият факультетига ҳужжат топширади, аммо кириш имтиҳонларидан ўта олмайди.

Касбий имтиҳонларни топшириш жараёнида бу қизнинг дадил ҳаракатини кўрган Азизжон Норматов унга енгил атлетика билан шуғулланишни таклиф қилади ва у 2018 йилдан буён спортнинг енгил атлетика тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келмоқда. У Ўзбекистонда ўтказилган мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллайди.

2018 йилда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган Параосиё ўйинларида иштирок этиб, спортнинг енгил атлетика тури — найза улоқтириш йўналиши бўйича аёллар ўртасида кумуш медални қўлга киритади. 2019 йилда Тунис Гран-присида диск улоқтириш ва найза отиш йўналишларида 2та олтин ва ядро улоқтириш бўйича битта кумуш медалга сазовор бўлди.

Айни кунларда спортчи қиз Қўқон давлат педагогика институтининг жисмоний маданият факультети I босқич талабаси. Онаси Холидахон опанинг билдиришича, у Моҳигулга оғироёқ бўлганида саломатлигида муаммолар пайдо бўлган. Она кучли шамоллаш ва камқонлик касаллигига чалинган.

 

Холидахон Ҳамдамованинг айтишича, Моҳигул болалигидан имконияти чекланган болалар боғчасига борган. У боғчадаги мусобақаларда ҳам фаол иштирок этиб келган. Шундан сўнг, Моҳигул махсус мактабга боришни бошлагач ҳам тенгдошлари орасида ўзининг эпчиллиги, чаққонлиги билан ажралиб турган.

«Мактабга боришни бошлагач, ўқитувчисига — алоҳида таълим демасдан, болаларнинг орасида юришини илтимос қилдим. Барча болалар қандай билим олса, менинг ҳам болам шундай илм олиши керак, деб айтдим. Шундай вақтлар бўларди, ё мен, ёки дадаси орқамизга кўтариб мактабга олиб келиб, мактабдан олиб кетар эдик. Қизимда ёшлигидан спортга қизиқиш бор эди», дейди Холидахон ая.

Қаҳрамонимиз Моҳигул — оилали. У турмуш ўртоғи Фаррухбек билан оила қурганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Спортчининг бахти ҳам аслида шу, у турмуш ўртоғи томонидан доимий қўллаб-қувватланади. Суҳбатимиз давомида у бизга энг катта кучни онасидан олишини айтар экан, турмуш ўртоғининг эътибори ва эътирофларини ҳам алоҳида баён қилиб ўтди.

«Йиғлаган кунларим бўлади. Шундай кунларим бўладики, баъзан ичимга сиғмай кетаман. Зерикаман. Шундай кунлари, албатта, онамга телефон қиламан. Уларга дардимни айтиб йиғлайман. Улар менга далда беради. «Нимага зерикасан? Барчасини шу вақтга қадар уддалаб келдинг, бундан бу ёғига ҳам эплашинг, уддалашинг шарт. Ҳаракат қил. Барчасини уддалайсан», — дейди. Онам билан гаплашиб бўлгач, телефонни ўчираман. Уларнинг насиҳатлари ва далдалари менга катта рағбат бўлади», демоқда Моҳидил.

Спортчи билан суҳбатлашиб, унинг ҳаётга бўлган қизиқиши, ғалаба сари интилиши, бор имкониятлардан тўлақонли фойдаланиши  муваффақиятлари сири эканлигига амин бўлдик. Қаҳрамонимиз ёш спортчилар билан учрашувларда, суҳбатларда ҳам инсон ҳамиша олдинга интилиши, ўзида қўшимча имкониятларни кўра олиши лозимлигини таъкидлайди.

Машғулот майдончаси Моҳигулнинг иккинчи уйига айланган. Енгил югуриш, махсус машқлар, деталлар билан ишлаш. Жараён давомида бир оёғи протез бўлса-да, барча машқларни осонлик билан бажараётган Моҳигулнинг иқтидори ва сабр-у бардошига яна бир қойил қолдик.

Машғулотларда спортчи ўрнашаётган мана бу анжомга эътибор беринг, спортчининг оёғлари унга маҳкам боғланади. У спортчи жойидан силжимаган ҳолда диск, ядро ёки найзани узоқроқ масофага улоқтиришида муҳим саналади.

Спортчининг яхши натижаларни қайд этишида мураббийнинг ўрни ҳам алоҳида аҳамиятлидир. Моҳигул машғулотларда ҳам, мусобақаларда ҳам мураббийларининг ҳар бир тавсияси, кўрсатмасига риоя этишга ҳаракат қилади.

«Мен Моҳигулдаги битта фазилатни яхши кўраман ҳамда қадрлайман. У ҳар қандай мусобақа жараёнида ўзига топширилган вазифани аъло даражада бажаради. Ўйлайманки, бизни кутиб турган Токио-2021 йил паралимпиада мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади ва бунга тайёргарликни ҳозирдан бошлаганмиз», дейди спортчининг мураббийи Азизжон Норматов.

Ҳаёт — синовлардан иборат. Унинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғи. Моҳигул бугун ҳаётнинг ана шу машаққатларини енгиб ўтган, матонат соҳибасига айланди. Унинг бахтли оиласи, атрофида қўллаб-қувватловчилари бор.

«Аёл киши учун бундан ортиқ бахти борми?», дейди қаҳрамонимиз. У айни дамда Токио паралимпиадасига лицензия берувчи рейтинг жадвалида биринчи ўринда бормоқда. Моҳигулга Токио ўйинларида ҳам омад ёр бўлсин.

Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи — Пўлат Худойбердиев.

Мавзуга оид