22:12 / 03.03.2021
6781

Илон Маск Техасда янги шаҳар барпо этишга қарор қилди

Америкалик тадбиркор Илон Маск Техасдаги Бока-Чика аҳоли пунктини қайта номлаб, унинг ўрнида янги шаҳар барпо этмоқчи. Ҳозирда ушбу аҳоли пунктида Маскка қарашли Space Exploration Technologies Corp. компаниясининг синов полигони жойлашган.

Фото: Britta Pedersen-Pool/Getty Images

“Техасда Старбейз (Starbase) шаҳрини яратамиз”, деб ёзган Маск твиттерда.

Кэмерон округи судьяси Эдди Тревинонинг айтишича, SpaceX вакили аҳоли пунктининг янги шаҳар таркибига кириши ва қайта номланиши учун зарур бўлган талаблар билан танишиб чиққан.  

Тревинонинг таъкидлашича, округ маъмурияти аҳоли пунктининг қайта номланиши бўйича музокаралар олиб борилаётганидан хабардор қилинган.

“Twitter’даги хабар бунинг учун етарли эмас”, деб айтган судья ва Маскка ҳамда унинг компаниясига ушбу режасини амалга ошириш учун кўплаб тўсиқларни енгиб ўтишига тўғри келишини таъкидлаб ўтган.

Маск Техасдаги таъсирини тобора кенгайтирмоқда. Айни вақтда унга қарашли Tesla Inc. компанияси Остин шаҳрида электр пикаплар йиғилувчи йирик корхона барпо этмоқда. Шунингдек, тадбиркорнинг ўзи ҳам Техасга кўчиб ўтди ҳамда унга қарашли Musk Foundation жамғармаси бош қароргоҳини Калифорниядан Остинга кўчириб ўтказди.

SpaceX, шунингдек, Техаснинг Макгрегор шаҳрида ракеталар синовини ўтказиб келади. Компания режаларига кўра, Бока-Чикадаги корхонада ишлаб чиқилаётган фазовий кемалар прототипи Ой ва Марсга учиши керак.

Top