15:07 / 03.03.2021
7300

Миллий тест тизимининг илк намуналари эълон қилинди

 Давлат тест маркази она тили ва адабиёт, ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти ҳамда математика фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими учун тестлардан намуналар эълон қилди.

Она тили ва адабиёт фанидан тест намуналарида 3 турда – тушуниш, адабиёт ва ёзма саводхонлик бўйича 20тадан савол берилган. Математика фанидан 7 бўлимда – сонлар устида амалларга доир ҳисоблашларни бажариш, алгебраик шакл алмаштиришларни бажариш, тенглама ва тенгсизликларни ечиш, функциялар устида амалларни бажариш, геометрик шакллар, векторлар ва координаталар устида амалларни бажариш, маълумотлар ва ноаниқликлар билан ишлаш, математик моделларни қуриш ҳамда тадқиқ йўналишида саволлар берилган.

Тест намуналарини Давлат тест маркази сайтидаги “Milliy sertifikatlash tizimi” бўлимидан юклаб олиш мумкин. Юқоридаги фанлардан тест имтиҳонлари апрел ойининг биринчи 10 кунлигида ўтказилади.

Aввалроқ, Ўзбекистонда миллий тест тизимининг илк намуналари 3 март куни эълон қилиниши ҳақида хабар қилинганди. Миллий тест синовлари сертификати тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаганларга 3 йилга тақдим этилади. Aбитуриентларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ОТМга кириш тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.

Top