23:35 / 03.03.2021
4839

Шавкат Мирзиёев 4 март куни ИҲТ саммитида нутқ сўзлайди

Президент Шавкат Мирзиёев 4 март куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг видеоанжуман шаклида ўтадиган 14-саммитида қатнашади.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған раислигида ўтадиган учрашуви кун тартибидан COVID-19’дан кейинги даврда минтақада амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида минтақавий шерикликни кенгайтириш истиқболлари борасидаги фикр-мулоҳазаларини баён этиши, шунингдек, пандемия оқибатларини енгиб ўтиш, савдо алоқаларини тиклаш, саноат кооперациясини кучайтириш, транспорт ва логистика, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш, «яшил» иқтисодиёт ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари суриши кутилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 1985 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда 10 та давлат ИҲТга аъзо. Булар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбойжон ва Афғонистон.

Ташкилотнинг асосий мақсади – савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш.

Top