Ўзбекистон | 11:37 / 04.03.2021
28725
4 дақиқада ўқилади

Шифокор, ҳоким, иқтисодчи – 14 нафар «Ўзбегим аёли» тақдирланди

Миллий телеканалининг “Ўзбегим аёли” мукофоти турли соҳаларда фаол, пандемия даврида фидойилик билан меҳнат қилган 14 нафар аёлга топширилди.

Миллий телеканалининг “Ўзбегим аёли” мукофотининг тақдирлаш маросими ўтказилди. Мукофот жамиятда фаол, турли соҳаларда ютуқларга эришган 14 нафар аёлга берилди. Улар 100дан ортиқ номзод орасидан сараланган.

Тақдирланганлардан бири – “Smartgov consulting” компанияси ижрочи директори, “Эзгу амал” хайрия жамғармаси васийлик кенгаши аъзоси Азиза Умарова, яна бири эса Марказий банкдаги ягона раҳбар аёл, Молиявий саводхонликни ошириш ва банк мутахассисларини қайта тайёрлаш департаменти раҳбари Дилбар Абдуғаниева.

Мукофот бир гуруҳ шифокорларга ҳам топширилди. Улар пандемия давридаги фидойи меҳнати ва жонкуярлиги учун тақдирланди.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова, “Тез ёрдам” телелойиҳаси мутахассислари, шифокорлар Азиза Хўжаева, Дилдора Секлер, Раъно Қосимовага ҳам мукофот топширилди.

“Тез ёрдам” кўрсатувини бутун мамлакат кўрди ва янги шароитда яшашга ўрганди. Сиз бутун мамлакатнинг ғурурисиз”, - деди Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева.

Яна бир номзод самарқандлик шифокор – Ўзбекистондаги ягона болалар кардиохирурги. У ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг юрагида нуқсони бор болаларини хайрия асосида бепул операция қилади.

“Ўзбегим аёли” мукофотининг 2021 йилги совриндорлари:

  • Азиза Умарова – “Smartgov consulting” компанияси ижрочи директори, “Эзгу амал” хайрия жамғармаси васийлик кенгаши аъзоси;
  • Ақида Моҳирова – ижтимоий тармоқларда Ақида ҳонум тахаллуси билан турли ижтимоий муаммоларни кўтараётган ва хайрия акцияларида фаол иштирок этаётган блогер;
  • Дилдора Рустамова – олий тоифали сухандон, “Замон” информацион дастури бошловчиси;
  • Зулхумор Мўминова – кино ва дубляж устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист;
  • Нисо Турдиева – Самарқанд вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт маркази кардиохирурги, юрак нуқсони бор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини хайрия асосида даволаб келади;
  • Замира Раҳмонова – Testo by Zamira&Co ресторани асосчиси, Red Jolbors Awards халқаро танловида тўрт турдаги номинация ғолиби;
  • Жузимгул Бекбергенова – Нукус тумани “Мажит Жузимгул” фермер хўжалиги раҳбари, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларга ёрдам бериб келади;
  • Ирода Дадажонова – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг илмий ишлар ва ва инновациялар бўйича проректори;
  • Дилфуза Ўролова – Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими, Ўзбекистондаги биринчи ҳоким аёл;
  • Дилбар Абдуғаниева – Марказий банкдаги ягона раҳбар аёл, Молиявий саводхонликни ошириш ва банк мутахассисларини қайта тайёрлаш департаменти раҳбари;
  • Клара Ёдгорова – Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, “Тез ёрдам” телелойиҳаси мутахассиси;
  • Азиза Хўжаева – Defactum Laboratories тиббиёт клиникасида иммунолог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди, “Тез ёрдам” телелойиҳаси мутахассиси;
  • Раъно Қосимова – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология институти илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди, “Тез ёрдам” телелойиҳаси мутахассиси;
  • Дилдора Секлер – Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди, “Тез ёрдам” телелойиҳаси мутахассиси.

Мавзуга оид