10:49 / 05.03.2021
8322

Аёллар ўртасида оғир жиноятлар камайди, аммо фирибгарлик ва ўғрилик ошиб бормоқда – ИИВ

Тошкентда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёллар етакчи лавозимларда: COVID-19 пандемияси шароитида тенг ҳуқуқли келажакка эришиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда аёллар орасида ошиб бораётган жиноят турлари ҳақида маълумот берди.

“Афсуски, аёллар ўртасида жиноятнинг баъзи турлари ошиб боряпти. Хусусан, фирибгарлик кўпайяпти. Аҳоли ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича тушунтириш ишларига қарамай, содда инсонларнинг ишончига кириб, мол-мулкини ўзлаштириб олаётганлар сони ортяпти.

2020 йил давомида аёллар томонидан содир этилган жиноятлар орасида фирибгарлик 30 фоизга, ўғрилик 28 фоизга ошган. Шу билан бирга, товламачилик 20 фоизга, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар 38 фоизга, шунингдек, оғир турдаги жиноятлар камайган. Статистика ҳар 100 000 нафар аёлга 32та жиноят тўғри келишини кўрсатмоқда. Яна бир ачинарли жиҳати, бундай инсонлар терговга тортилиб, суд ҳукмига кўра қонунда белгиланган жазосини олади, лекин жабрланувчилар кўп ҳолларда йўқотган мулкини узоқ сарсонгарчиликдан сўнг мажбурий ижро орқали қайтариб олади ёки умуман ундира олмайди”, – деди Бахтиёр Бердиалиев.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 14 774 нафар хотин-қизлар аниқланиб, уларга “ҳимоя ордери” расмийлаштирилгани хабар берилганди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева аёллар орасида коррупция ҳолатлари бўйича тадқиқот олиб борилмаганини маълум қилди.

Top