«Ишга янги келган ходимларимиз иштирокида айрим салбий ҳолатлар учраб турибди» – ИИВ мулозими
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz’га берган интервюсида ички ишлар органларининг ҳар бир ходими фуқаро билан мулоқот чоғида ўзини таништириши, унинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, нима сабабдан уни тўхтатганини тушунтириши шартлигини таъкидлади.
«Фуқаролар билан мулоқот пайтида ходимларнинг ўзини таништирмаслиги, хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилган фуқароларга қўполлик қилиши билимсизлик, ўзини одамлар устидан устун қўйиш сабабли рўй беради. Айрим ходимлар ўзини жуда катта лавозим эгаси деб ўйлай бошлайди ёки хизмат формасини кийгач, фуқаролар билан мулоқотда катта ваколатларга эга бўлдим деб ҳисоблайди. Бундай ходимлардан биз воз кечамиз.
Бир нарсага эътибор бериш керак: ҳозирги кунда ходимларимизнинг 99 фоизини олий маълумотлилар ташкил қилади. Шундан 14 фоизи ҳуқуқшунос, 50 фоизини педагоглардан олганмиз, 35 фоизи бошқа соҳалар бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслардан иборат. Шу билан бирга, 1 фоиз ходимлар ўрта махсус маълумотга эга.
Лекин етарлича амалий иш тажрибасига эга бўлмаган ходимлар ҳам бор. Масалан, стаж бўйича ходимларимизнинг 26 фоизи ҳали тизимда бир йил ҳам ишламаган. Яъни уларнинг соҳа бўйича лозим даражада кўникмаси йўқ. Олдин нима иш қилган бўлса, қаерларда ўқиган бўлса, ўша ҳолатда сафимизга келиб қўшиляпти. Биз шунинг учун ҳам уч ойлик курсларни жорий қилганмиз, бундан ташқари, қишлоқ-шаҳар модуллари асосида ҳафтанинг ҳар шанба кунлари профилактика инспекторларини онлайн платформа орқали ўқитиш ишларини йўлга қўйганмиз.
Шундай бўлса-да, ички ишлар органлари сафига жалб этилганига бир йил ҳам бўлмаган ходимларимиз иштирокида айрим салбий ҳолатлар учраб турибди», деган Бахтиёр Бердиалиев.
Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида 1 йилдан 3 йилгача иш тажрибасига эга ходимлар 23 фоизни, 3 йилдан 5 йилгача стажга эга бўлганлар 17 фоизни, 15 йилдан кўпроқ вақтдан буён хизмат қилиб келаётганлар эса 7 фоизни ташкил қилади.
«Ҳар қандай ҳолатда фуқаро билан тўғри мулоқот қилмаган ходимлар ҳақида маълумотга эгамиз. Сабаби ҳар куни кечки пайт тунги хизматга тушадиганларга бу борада тегишли йўриқномалар берилади. Одамлар билан хушмуомала бўлиш, ўзини қонунда белгиланган тартибда таништириш, хизмат гувоҳномаси сўралганда кўрсатиш. Бунинг ҳеч ҳам ёмон томони йўқ.
Фуқаронинг сўрашга ҳаққи бор. Қонунда белгиланган. Ҳар бир ходим ўзини таништириб, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, фуқаро нима учун тўхтатилганини тушунтиргандан кейин ҳам мулоқотни бошласа бўлади», дейди Бахтиёр Бердиалиев.
Аввалроқ ИИВ бош бошқарма бошлиғи профилактика инспекторларига тўланаётган ойлик, уларга давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берганди.
Мавзуга оид
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024