Ўзбекистон | 17:34 / 05.03.2021
8271
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги янги элчихонаси қуриладиган жой аниқ бўлди

Фото: adb.org

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси учун янги бино қурилади. Элчихона биноси учун Душанбе шаҳрининг Зарафшон мавзесидан 1,2 гектар ер майдони ажратилган. Бу ҳақда Душанбе шаҳар ҳокимлигидаги манбага таяниб «Азия плюс» хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг Тожикистон пойтахтидаги элчихонасининг янги биноси Душанбе шаҳридаги Зарафшон мавзесида, АҚШ элчихонаси ёнида қурилади. Элчихонанинг янги биноси жойлашган мажмуа 2022 йил октябр ойида фойдаланишга топширилади.

2018 йил август ойида икки давлат ҳукуматлари ўртасида имзоланган дипломатик ваколатхоналарни қуриш учун ўзаро ер майдони тақдим этиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ, Тожикистон томони Душанбе Ўзбекистон элчихонасининг янги биносини қуриш учун умумий майдони 1,2 гектар бўлган ер майдони ажратган.

Қайд этилишича, аввалига Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси янги биноси Душанбеда Россия, Aфғонистон, Эрон ва Германия дипломатик ваколатхоналари жойлашган ҳудудида қурилиши режалаштирилган. Бироқ бу ҳудудда бўш ер бўлмаган. Шундан сўнг янги манзил танланган.

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Душанбедаги янги элчихонаси мажмуа тарзида қурилади. Бу ерда элчихона биноси, консуллик масалалари бўйича фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида бино, элчи қароргоҳи, назорат пунктлари, техника-муҳандислик бўлими, спорт иншоотлари, олтита машина сиғадиган ёпиқ ва элчихона ходимлари ҳамда бу ерга ташриф буюрувчилар фойдаланиши учун очиқ майдонда автотураргоҳ қурилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси Душанбе шаҳрида Санои кўчаси 30-уйда жойлашган. Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси эса Тошкент шаҳрида Aбдулла Қахҳор кўчаси, 61-уйда жойлашган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид