Ўзбекистон | 10:57 / 08.03.2021
4026
3 дақиқада ўқилади

Қоракўлчилик субъектларига субсидия берилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Қоракўлчилик субъектларига субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси қоракўлчилик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, қоракўлчилик соҳасида фаолият юритаётган кластерлар фаолиятига давлат даражасида эътибор қаратиш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари масъулиятини кучайтириш, шунингдек, республикада қоракўлчилик билан шуғулланиш, соҳада жун ва терини қайта ишлаш бўйича дунё тажрибасидан фойдаланган ҳолда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қоракўлчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга давлат томонидан наслдор қўй ва эчки, шу жумладан қоракўл зотли қўйларнинг хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир эмбрионига 400 минг сўм миқдорда субсидия ажратилади.

Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар (шаҳарлар) комиссиялари календар йилининг 1 майига қадар келгуси йил учун субсидия олувчилар рўйхатини шакллантиради.

Вилоят комиссияси календар йилининг 5 майига қадар субсидия олувчилар рўйхатини умумлаштириб, Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига тақдим этади.

Уюшма вилоят комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатни улар тақдим этган пайтдан бошлаб беш иш кунида умумлаштириб, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамаси Уюшма томонидан тақдим этилган рўйхатни уч иш кунида белгиланган тартибда кўриб чиқиб тасдиқлайди ҳамда ижро учун Қўмитага ҳамда Молия вазирлигига юборади.

Молия вазирлиги келгуси йил учун давлат бюджети параметрларини шакллантиришда субсидия олувчиларга субсидия ажратиш учун зарур маблағларни ҳисобга олади.

Қўмита субсидия ажратиш бўйича вилоят комиссияси томонидан шакллантирилган рўйхатга йил давомида ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши мумкин.

Мавзуга оид