Ўзбекистон | 12:26 / 10.03.2021
36246
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келади

Ўзгидромет Ўзбекистонга кириб келаётган совуқ ҳаво неча кун сақланиб туришини маълум қилди.

Баҳор келиб, кунлар яна исиб, дарахтлар яна гуллаётган вақтда Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган совуқ ҳаво ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Kun.uz мухбири мамлакатда ноқулай об-ҳаво қанча муддат давомида сақланиб туришига аниқлик киритиш мақсадида «Ўзгидромет» матбуот котиби Мунисахон Асилхўжаевага мурожаат қилди. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳудудига 13-14 мартда Волга бўйи орқали Россиянинг (Москва вилояти) Европа ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.

13-14 мартда республикада ёғингарчилик (ёмғир, 14 мартга ўтар кечаси қорга айланади), баъзи жойларда кучли бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида 13 мартда қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. 

14-15 мартда ҳарорат кечалари 2-7° совуққача, кундуз кунлари 2° совуқ- 3° илиққача, Қорақалпоғистонда кечалари 10-15° совуққача, кундуз кунлари 2-7° совуққача, Хоразм вилоятида кечалари 6-11° совуққача, кундуз кунлари 0-5° совуққача пасаяди.

13-14 мартда республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.

«Бундай об-ҳаво 15-16 март кунларида ҳам давом этади. Лекин у кунлардаги аниқ ҳарорат бўйича тасдиқланган маълумотлар алоҳида эълон қилинади», деган у.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид