08:20 / 10.03.2021
3397

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:

  • Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби;
  • тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасидаги ташкилотларга Жамғармадан маблағ ажратиш тартиби;
  • Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаларини тузиш тартиби;
  • Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисоб, ҳисобот ва назорат.

Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари хизмат кўрсатувчи банкда очилган тегишли ҳисобварақда жамланади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калавасини олиб чиқишда (ҳар бир кг учун) қуйидаги миқдорларда ундириладиган йиғимларнинг 75 фоизи ҳажмдаги тушумлар:

  • 1.01.2021 йилдан – 0,01 АҚШ доллари;
  • 1.01.2022 йилдан – 0,05 АҚШ доллари;
  • 1.01.2023 йилдан – 0,1 АҚШ доллари;
  • 1.01.2025 йилдан – 0,2 АҚШ доллари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоқлари ташкилотларида халқаро стандартларни жорий этиш, тайёр маҳсулотларни ташқи бозорлар талабларини ҳисобга олган ҳолда сертификатлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
  • соҳа ташкилотларининг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиш, миллий брендларни яратиш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларини қоплаш;
  • илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, жумладан уларни хорижга ўқиш учун юбориш;
  • «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг ижро этувчи аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш,
  • хорижий ваколатхоналарни сақлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш харажатларини компенсация қилиш;
  • «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзолари умумий йиғилиши қарори билан белгиланган ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мақсадлар.
  • Соҳа ташкилотларига Жамғармадан маблағ ажратиш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

Top