Ўзбекистон | 08:46 / 12.03.2021
5036
3 дақиқада ўқилади

Илмий лойиҳалар харажатларини режалаштириш тартиби аниқлаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган илмий лойиҳалар харажатларини режалаштириш, молиялаштириш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низом Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалар харажатларини режалаштириш, молиялаштириш ва ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

Лойиҳалар харажатларини молиялаштириш давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Илмий лойиҳалар Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари асосида амалга оширилади.

Лойиҳанинг молиявий ҳажми лойиҳани танловга тақдим қилишдаги ижрочи ташкилот томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган харажатлар калкуляцияси ва асослантирилган ҳисоб-китобларда акс эттирилади.

Шартномада лойиҳа бажарилишининг бутун даври учун кўрсатилган молиявий маблағ лойиҳа бажарилиш муддати тугагунга қадар ўзгармайди.

Илмий-техник кенгашнинг ушбу лойиҳаларни молиялаштиришни давом эттириш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосаларига асосан, буюртмачи коллегиал органи қарорига мувофиқ, лойиҳаларни молиялаштиришни муддатидан олдин тўхтатиш бундан мустасно.

Лойиҳаларнинг ҳар бир ижрочиси фақат бир лойиҳада тўлиқ ставкада ва икки лойиҳада ўриндош сифатида иштирок этиши мумкин, бунда улар умумий улуши бир ярим ставкадан ошмаслиги лозим.

Штатлар жадвалини тасдиқлашда 0,5 штат бирлигидан ташқари тўлиқ бўлмаган ставкаларни ўрнатишга йўл қўйилмайди. Жами 0,25гача бўлган барча штат бирликлари ўчирилади, 0,25дан 0,75гача бўлган штат бирликлари 0,5гача ва 0,75дан юқори бўлган штат бирликлари тўлиқ 1 штат бирлиги миқдорида яхлитланади.

Ижрочи ташкилот лойиҳалар сифатли бажарилишини таъминлаш ва қулай шароит яратиш мақсадида лойиҳа раҳбари таклифига кўра “вақтинчалик илмий меҳнат жамоаси” ташкил этиши мумкин.

Бунда жамоага бошқа ташкилотлар ходимлари ҳам аъзо бўлиши мумкин. Ижрочи ташкилот раҳбари лойиҳа раҳбарини жамоа раҳбари этиб тасдиқлайди.

Илмий лойиҳаларни жамоа тартибида амалга оширувчи ижрочи ташкилотлар жамоа фаолиятини тартибга солувчи “Вақтинчалик илмий меҳнат жамоаси тўғрисида низом” талаблари асосида иш юритадилар.

Лойиҳа илмий раҳбари бошқа жойга ишга ўтган ҳолларда лойиҳа амалга оширилиш жойи (ижрочи ташкилот) ўзгартирилмайди.

Харажатлар калкуляциясини тузишда харажатлар умумий молиявий ҳажми лойиҳа бажарилиши бутун даври учун ва шу жумладан ҳар бир молиявий йил кесимида алоҳида жадвалларда кўрсатилади.

Лойиҳаларни амалга оширишда саноат ёки тармоқ томонидан ҳамкорликда молиялаштиришга қизиқиш бўлган тақдирда, саноат ёки тармоқ ҳамкори тўғрисидаги маълумот ва унинг молиявий иштироки (ҳамкорликда молиялаштириш) ҳажми ҳамда турларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Мавзуга оид