23 феврал куни Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказди. Унда ёшларни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича режалар муҳокама қилинди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, хусусий курсларда ўқиб, C1 сертификатини олган ёшларга ўқиш харажатлари, немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича эса B2 даражаси сертификатини олиш харажатлари қопланади. 

Шунингдек, 2024 йилда сертификат олишдаги имтиҳон харажатидан ташқари 6 ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилади.

«Устоз» лойиҳаси доирасида 250 минг нафар ёшлар маркетинг, реклама, электрон савдо, IT дизайнер каби 30 та замонавий касбга ўргатилади.

Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи бизнес учун имкониятларга йўналтирилади. «Ёш тадбиркор» танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.