30 октябр куни Тошкентда маълумотларни бошқариш мавзусида конференция бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабар беришича, тадбирда Солиқ қўмитаси фаолиятида маълумотларни жамлаш ва фойдаланиш соҳасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, онлайн назорат-касса машиналарининг автоматлаштирилган ахборот тизими доирасида тўпланаётган маълумотлар кўлами кўрсатилди. Унда маълум вақт оралиғида қайси маҳсулот қай миқдорда сотилганини кўриш мумкин.
ОНКМ автоматлаштирилган ахборот тизимидаги маълумотларга кўра, 2024 йил октябр ойига қадар 2,1 миллиард донадан ортиқ чек берилган. Бу чеклар тушуми 251 триллион 497 миллиард сўмдан ошади – қарийб 19,7 миллиард доллар.

Тақдимотда энг кўп сотилаётган маҳсулот ва хизматлар, шунингдек, фаолият турлари бўйича тушум кўрсатилган.
Фаолият турлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари (652 мингта), транспорт хизматлари (230 мингта) ҳамда фармацевтика маҳсулотлари (199 мингта) учун энг кўп чеклар берилган. Сотилган товар ва хизматлар борасидаги энг кўп чеклар эса — транспорт хизматлари (247 мингта), алкоголсиз ичимликлар (205 мингта) ҳамда дори воситалари (190 мингта) учун берилган.
Агар чек суммалари борасида ҳисоб-китоб қилинса (яшириб қўйилган бўлса-да, жадвалдаги ўринлар чекларнинг умумий суммаси асосида тартиблангани кўриниб турибди), ўзбекистонликлар пулини биринчи навбатда озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар учун сарфлаётганини кўрсатмоқда.

Иккала устунда ҳам иккинчи ўринда энг кўп сарфланаётган пуллар дори воситалари (фармацевтика маҳсулотлари) эканини кўриш мумкин.
ОНКМ чекларидаги яна бир ҳолат эътиборга молик. Сотилган маҳсулотлардаги чек суммалари бўйича ўзбекистонликлар озиқ-овқат ва дори воситаларидан кейин энг кўп метан гази учун пул тўлаяпти.
Сотилган дори воситалари сарфланган пул миқдори – 15 триллион 512 миллиард 910 миллион сўмдан (тақрибан 1,2 миллиард доллар) ошади. Дориларнинг 22 фоизи – 3 триллион 280 миллиард сўмлик маҳаллий маҳсулот бўлса, 78 фоизи – 12 триллион 232 миллиард сўмлик хорижий маҳсулотлар ҳисобланади.









