10:45 / 12.03.2021
16311

«Заковат» турнири ғолибларига пул мукофотлари топширилди

«Заковат» брейн-ринг турнирининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ғолиб жамоаларига жами 130 миллион сўмлик мукофот пуллари топширилди. Клуб ўйинлари учун ажратилган умумий мукофот қиймати жами 1,7 миллиард сўмга яқин.

11 март куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти иштирокчилари ўртасида «Заковат» брейн-ринг турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди. Ўйинда финал ғолиблиги ва 3-ўрин учун баҳс ўтказилди ва 3та жамоа ғолибликни қўлга киритди.

1-ўринни Фаррух Рафиқов жамоаси эгаллади, жамоага 100 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

2-ўринни «Ксенофонт шогирдлари» жамоаси (20 миллион сўмлик мукофот), 3-ўринни эса «Эсперо» жамоаси (10 миллион) эгаллади.

«Заковат» интеллектуал клубининг телеграмдаги канали орқали ғолибларнинг ўзларига тегишли пулларни қабул қилиб олаётганининг суратлари жойлаштирилди. «Ошинг ҳалол бўлса, Заковатда ич!» дея илова қилинади суратларга.

Ютуқ пуллари солинган қутича клубнинг очилиш маросимида олиб чиқилиб, иштирокчиларга кўрсатилган эди.

«Заковат» интеллектуал клубининг ўйинлари энди вилоятларда ҳам давом этади. Брейн-ринг турнирлари учун жами 1 млрд 690 млн сўм ажратилган. Ажратилган маблағ брейн-ринг танловлари ташкил этилиб, унда ғолиб бўлган жамоаларга тақдим этиб борилади.

«Заковат» интеллектуал клубининг алоҳида нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида қайта фаолият бошлашида фаоллик кўрсатган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ва фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева кейинги ўйин Самарқанд вилояти ёшлари учун ташкил этилишини, иштирокчилар бугундан рўйхатдан ўтиши мумкинлигини маълум қилди.

Самарқандда ҳам ғолиб жамоа тақдирланиши режалаштирилган.

Интеллектуал клуб аъзолиги учун ариза берганлар сони 13 мингдан ошиқ. Уларнинг 11 минг 111 нафари якка тартибда ариза топширганлар бўлса, 1 932 киши 322та жамоага бирлашган ҳолда рўйхатдан ўтган. Ўйин олди саралаш мусобақаларида алоҳида рўйхатдан ўтган иштирокчилар учун кастинг ташкил этилиб, улар тўплаган натижасига қараб жамоаларга бирлаштирилади ва кейинги мусобақаларда қатнашади. Ғолиб жамоаларни эса охирида миллион сўмлик мукофотлар кутади. 

Top