15:04 / 13.03.2021
76060

«Мен сенларга қишлоқиманми?» – Бухоро давлат университети ўқитувчиси 8 мартга арзон совға берган талабага дағдаға қилди

Бухоро давлат университетида бир гуруҳ талабалар 8 мартда ўқитувчига совға берган. Совғани арзон деб ҳисоблаган ўқитувчи эса талабаларга имтиҳонда қийин бўлишини айтиб, пўписа қилган.

Бухоро давлат университетининг Мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабалари ўз гуруҳ раҳбарлари (куратори)га 8 март муносабати билан гулдаста ва 200 минг сўм пул совға қилган. Ушбу совғани паст қийматли дея баҳолаган ўқитувчи талабасига мессенжер орқали таҳдидли гаплар ёзиб, совғани қайтариб беришини айтган. Бу ҳақда блогер Умид Ғофуров ўз телеграм каналида маълум қилди.

Хабарда ўқитувчининг Telegram орқали талабага ёзган хабарларининг сурати ҳам келтирилган.

«Эшитиб ол, эртага кафедрага келиб, 200 минг сўм пулингни олиб кет. Мен майда-чуйдани деб обрўйимни ерга урмайман. Аниқ устимдан кулгансанлар. Агар гулдаста 100 минг турса, демак жами 300 минг йиғгансанлар. 300 мингни 23 га бўлса, 13 мингдан тўғри келади. Мен сизларга нима берса хурсанд бўлиб кетадиган гўл ёки қишлоқиманми? Ҳозироқ манзилингни айт, [совғани] ўзим олиб бориб, қўлингга топшираман. 200 минг эмас, 300 минг сўм. Ёки карта рақамингни айт, пул ўтказаман. Энди ҳаммаси бошқача бўлади», деб якунлаган ўқитувчи дағдағасини ўзи раҳбарлик қиладиган гуруҳ талабасига.

Талабалардан бири бу ёзишмани скриншот қилиб, интернетга чиқарган. Шу сабаб ўқитувчи талабаларни қўрқитиб,  якуний имтиҳонда кўрамиз, деб пўписа қилган.

«Эътибор беринг, бу мактабгача ва бошланғич таълим факультетидаги ҳолат. Яъни, шу аёл бўлажак ўқитувчи тайёрлайди. Олий таълим вазирлигидан ушбу муаммога эътибор беришни илтимос қиламан. Ўқитувчининг исми ва бошқа (қайғули) тафсилотларни вазирлик вакилларига айтиб беришим мумкин. Менимча, бундай одамлар бўлажак ўқитувчиларни тайёрламаслиги керак. Бошқа талабалар шунга ўхшаш ҳолатларга учраса, менга хабар беришлари мумкин. Таълим тизимини биргаликда даволашимиз керак» – деб ёзган пост якунида блогер.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, Бухоро давлат университетида айни масала юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Top