Жамият | 20:07 / 13.03.2021
24501
2 дақиқада ўқилади

Ургутдаги янги «Ургут» марказий жоме масжиди очилди

Бугун, 13 март куни Ургут туманида барпо этилган янги «Ургут» марказий жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири мазкур тадбирда қатнашиб, ушбу муҳташам масжиддан фотожамланма тайёрлади.

Ургутдаги янги масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари қўмитаси раиси Абдуғофур Аҳмедов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Ургут туман ҳокими бошчилигидаги масъуллар иштирок этди.

Қайд этилишича, Ургут туманининг Мерганча маҳалласида бунёд этилган янги масжид 1,06 гектар майдонда бунёд этилган. У икки қаватдан иборат бўлиб, қарийб 10 мингга яқин намозхонни сиғдира олади. Масжид хонақоҳи 55х45 метр ўлчамда қурилган бўлиб, хонақоҳнинг икки четида 18х45 метр ўлчамда айвон ҳам тушган. Масжид хонақоҳи ўртасидаги гумбазнинг баландлиги 36 метр, масжид четида жойлашган тўртта миноранинг ҳар бири 40 метрдан баландроқ қилиб қурилган. Масжид биносининг ичи анъанавий нақшлар билан безатилган.

Масжидда замонавий таҳоратхона ва масжид ходимлари учун барча қулайликларга эга икки қаватли маъмурий бино ҳам қурилган. Мазкур масжид Самарқанд вилоятидаги энг йирик масжид ҳисобланади.

Маълумот учун, «Ургут» марказий жоме масжиди очилгандан сўнг, Ўзбекистондаги масжидлар сони 2085 тага, Самарқанд вилоятидаги масжидлар сони эса 287 тага, Ургут туманида эса 62 тага етди.

 

Мавзуга оид