Жаҳон | 02:17 / 15.03.2021
5247
1 дақиқада ўқилади

Мянмада намойишчиларни тарқатиш вақтида 38 киши ҳалок бўлди

Фото: Reuters

Мянмада 14 март куни ўтган норозилик намойишларини тарқатиш вақтида 38 киши ҳалок бўлди, яна 80га яқин киши жароҳат олди. 

Мянма сиёсий маҳкумларига ёрдам уюшмаси маълумотларига кўра, мамлакатда феврал бошида ҳокимият тепасига ҳарбийлар келгач ва уларга қарши оммавий норозиликлар бошлангач, камида 126 нафар намойишчи ҳалок бўлган. Уюшмада таъкидланишича, аслида қурбонлар кўпроқ бўлиши мумкин.    

Айни вақтга келиб  2156 киши ушланган, улардан 1837 нафари ҳамон ҳибсда ушлаб турилибди. Улардан 3 киши қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

Ҳукуматнинг расмий маълумотларига кўра, 14 март куни намойишлар вақтида 23 киши ушланган. Бироқ бу сонлар ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларидан фарқланмоқда. Уларнинг таъкидлашича, бир кун давомида мамлакат бўйлаб 100га яқин намойишчи ушланган. 

Мянма ҳарбийлари 1 февралда ҳарбий тўнтарув амалга ошириб, мамлакат раҳбариятини ҳибсга олганди. Тўнтарувдан кейин мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид