08:34 / 16.03.2021
7036

Шимолий Корея Сеулга тинчлик сулҳини бекор қилиш билан таҳдид қилди 

Фото: tramis.ru

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси сиёсий бюроси аъзоси Ким Ё Чжон Жанубий Корея ва АҚШнинг қўшма ҳарбий машғулотлари туфайли Ватанни бирлаштириш масалалари бўйича қўмитани тугатиш масаласи кўтарилишини айтди ва Пхеняннинг Сеул билан тинчлик сулҳидан воз кечиши билан таҳдид қилди.  

“Биз ҳамюртларимизга қарши қаратилган қўшма ҳарбий машғулотларга қарши чиқиб келганмиз. Биз буни бир неча марта таъкидлаб ўтдик, сабрли бўлдик ва барча имкониятларни бердик. Шунга қарамай, Жанубий Корея ҳукумати бутун миллат кўз ўнгида “илиқ март”ни эмас, балки “уруш марти”ни танлади”, деб айтилган Ким Ё Чжон баёнотида.

Унинг таъкидлашича, ҳарбий машғулотлар ва мулоқот бир-бирига зид тушунчалардир.

“Биз Ватанни бирлаштириш масалалари бўйича қўмита – Жануб билан мулоқот бўйича ташкилотни тугатиш масаласини қўйишимизга тўғри келади. Бу ташкилотнинг ҳозирги вазиятда мавжуд бўлиши учун бошқа асос йўқ”, деб қўшимча қилган Шимолий Корея етакчиси синглиси. 

Бундан ташқари, Ким Ё Чжон АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини унга кейинги 4 йил давомида “тинч ухлаши”га халақит қиладиган ишларни қилмасликдан огоҳлантирган. У Корея яриморолидаги машғулотларни тўхтатишни талаб қилган, йўқса Шимолий Корея иғвогарликлар ҳолатида “алоҳида чоралар” кўришга тайёрлигини айтган.

“Имкониятдан фойдаланиб, АҚШнинг янги маъмуриятини еримизда порох ҳидини тарқатмасликдан огоҳлантирамиз. Агар у кейинги 4 йил давомида тинч ухлашни истаса, биринчи навбатда бундан тийилиши лозим”, деб айтган Шимолий Корея раҳбари синглиси.

Бу Шимолий Кореянинг Байден маъмуриятига илк мурожаатидир. Бу баёнот жорий ҳафтада АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остиннинг Жанубий Корея ва Японияга сафари олдидан қилинди.

Аввалроқ Оқ уй Шимолий Корея АҚШнинг турли каналлар билан боғланишга уринишларини жавобсиз қолдираётганини маълум қилганди.  

8 март куни АҚШ ва Жанубий Корея ҳар йиллик қўшма машғулотларни бошлади. Пандемия туфайли машғулотлар қисқартирилган форматда ўтмоқда.

Пхенян ушбу машғулотларни Шимолий Кореяга бостириб киришга тайёргарлик деб баҳолаб, узоқ вақтдан бери уларнинг тўхтатилишини талаб қилиб келади.  

Top