Ўзбекистон | 09:02 / 17.03.2021
13251
2 дақиқада ўқилади

Қотиллик учун жазоланиб чиққан самарқандлик шахс яна одам ўлдириб қўйди

Фото: Иллюстратив

Самарқанд шаҳрида яшовчи, қотиллик учун аввал ҳам Россияда судланган шахс яна одам ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 13 март куни соат 22:30 ларда 46 ёшли Бахтиёр Р. Самарқанд шаҳри Саттепо мавзеси «Ҳофиз Шерозий» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган яшаш хонадонида маст ҳолатда ўтирганида, олдига таниши 48 ёшли Алижон М. маст ҳолатда келиб, у билан спиртли ичимлик истеъмол қилишни таклиф қилган. Бахтиёр Р. унинг таклифини рад этган.

Оқибатда улар ўзаро жанжаллашиб қолишган ва Бахтиёр Р. қўлидаги ошхона пичоғи билан Алижон М.нинг кўкрак қисмига бир маротаба уриб, жароҳат етказган. Шундан сўнг Бахтиёр Р. жароҳатланган Алижон М.ни шифохонага олиб бориш мақсадида яқин орадаги дўкон ишчисидан ёрдам сўраган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, Алижон М. шифохонада вафот этган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, Бахтиёр Р. муқаддам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қотиллик жинояти) билан судлангани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Бахтиёр Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.  

Мавзуга оид