2025 йил 2 июл. Қарши шаҳридаги чойхонада ошпаз бўлиб ишловчи Қувонч Суннатовнинг телефонига SMS келди. У хабарни ўқиди ва ўзи ишлатадиган пичоқни рюкзагига солиб, йўлга чиқди. Орадан 3 соат ўтиб, Косон тумани Мустақиллик маҳалласида даҳшатли ошкора қотиллик содир бўлди: Қувонч Суннатов 5 ака-укани яқинлари кўз олдида пичоқлади. Оқибатда икки ака-ука ҳалок бўлди, учтаси жароҳатланди. Ҳодисадан хабар топганларни бир савол ўйлантирарди: ошпаз нега қотилликка қўл урди, унинг телефонига кимдан қандай SMS келганди?

Баъзида кичик оилавий жанжаллар катта жиноятларга сабаб бўлади. Қашқадарё вилоятининг Косон туманида содир этилган даҳшатли қотиллик ҳам оилавий жанжалга бориб тақалади. Афсуски, орадан 8 ой ўтганига қарамай бу воқеа ҳамон косонликларни ҳайратга, марҳумларнинг яқинларини эса изтиробга солиб келмоқда.

Сангамдан келган SMS

2023 йилнинг декабри. Косон туманида яшовчи Сангам Мусаев Севинч Суннатова билан турмуш қуради. Бироқ уларнинг биргаликдаги турмуши тинч кечмайди, эр-хотин ўртасида турли оилавий жанжаллар бўлиб туради. Шундай жанжалларнинг бирида, 2025 йилнинг 11 июн куни Сангам Мусаевнинг акаси Ғолиб Мусаев Севинчни ота-онасининг уйига ташлаб кетади.

30 ёшли Қувонч Суннатов Севинчнинг акаси эди. У Қарши шаҳридаги чойхоналардан бирида ошпаз бўлиб ишларди. Куёви синглисини жўнатиб юборгани уни ғазаблантирмасдан қолмаганди.

2025 йил 2 июл. Одатдагидай кунларнинг бири. Қувонч чойхонада ўз ишлари билан банд эди. Соат 14:00 ларда унинг телефонига куёви Сангам Мусаевдан “Синглингнинг нарсаларини чиқариб қўйибман, келиб олиб кетинглар”, деган хабар келади. Ошпаз унга жавобан хўп деган мазмунда хабар жўнатади. Ўша кунги воқеаларнинг бари ана шу хабардан бошланганди.

Хавфли рюкзак

Қувонч Суннатов куёвидан SMS олгач, онасига қўнғироқ қилади. “Куёвингиз нарсаларни олиб кетинглар, деб ёзиб юборди”, дейди у. Шунда онаси “Ажрашиб кетадими, яшайдими?” деб сўрайди. Онасининг ҳадик аралаш берган саволига Қувонч “Қачондир вақти келиб яшаб кетар, бориб нарсаларини олиб келамиз, олиб кет деганидан кейин ялиниб яшатиб бўлмайди, такси гаплашиб келинглар, мен ҳам бораман”, дея жавоб қайтаради.

Шундан сўнг Қувонч синглисига тегишли буюмларни олиб келиш учун 400 минг сўмга юк машинаси гаплашади ҳам унинг ҳайдовчисига манзилни тушунтиради.