Жаҳон | 10:21 / 17.03.2021
4512
2 дақиқада ўқилади

Японияда янги фазовий ракета тақдим этилди

Фото: Reuters

Япониянинг аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) икки поғонали янги H-III ракета-ташувчисини тақдим этди. Ракета аввалги авлоддаги H-IIА ракетасидан 50 фоиз тежамкорроқ бўлиши кутилмоқда

Ракета Япония жанубидаги Танэгасима космодромида ўрнатилган. Айни вақтда уни ёнилғи билан тўлдириш ишлари ва тегишли текширувлар олиб борилмоқда. Ракетада ёнилғи сифатида суюқ водород ишлатилади. Ракетанинг биринчи парвози 2021 молиявий йил (2021 йилнинг 1 апрели – 2022 йилнинг 31 марти) давомида ўтказилиши кутилмоқда.

H-III Япониянинг суюқ ёнилғида ишловчи энг катта ракетаси бўлиб, узунлиги 63 метрни, диаметри 5,2 метрни ташкил қилади. У қуёш-синхрон орбитага 4 тоннадан кўпроқ, геоўтиш орбитасига 6,5 тоннадан кўпроқ фойдали юк олиб чиқа олади. 

Kyodo ахборот агентлигининг маълум қилишича, H-III ушбу хусусияти эвазига аввалги H-IIA ракетасига нисбатан оғирлиги 1,3 марта каттароқ сунъий йўлдошларни орбитага чиқара олади. Бунда ракета соддалаштирилган конструкцияси ҳисобига камхаржроқ бўлади. Бу эса H-IIA’га нисбатан парвозлар нархини 50 фоизгача, яъни 5 млрд иенгача (46 млн доллар)  камайтириш имконини беради.  

Мавзуга оид