Kun.uz Японияга сафари давомида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов билан суҳбатлашди. Элчига кўра, япон ҳукумати сайёҳлик визасини беришни қийинлаштириши мумкин. Сабаби ўқиш, туризм мақсадида келганларнинг ноқонуний муҳожирга айланиб, жиноятлар қилаётгани. Суҳбатда Япониянинг Марказий Осиёга қараши, иқтисодий режалар, кутилаётган саммит ҳамда Осакадаги кўргазма хусусида ҳам сўз боради.

Осака Expo 2025’да Ўзбекистон анча фаол, давлат миллий павильони ҳозир 10 та энг яхшилар таркибида. Айниқса, Хива жума масжидини эслатувчи ёндашув кўпроқ ташриф буюрувчиларни ўзига ром этмоқда. Kun.uz Японияга сафари давомида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси – Муҳсинхўжа Абдураҳмонов билан суҳбатлашди. Кўргазмадаги иштирокдан бошланган мулоқотда бу мамлакатдаги ўзбеклар, виза сиёсати, икки давлат алоқалари кун тартиби, режалар, ўтган йили қолдирилган Япония бош вазири сафари ҳақида ҳам сўрадик.

Япония-Марказий Осиё” саммити кузда ўтказилади

Ўтган йилнинг август ойида Япониянинг ўша вақтдаги бош вазири Фумио Кишида давлатда зилзиладан кейин кутилаётган тўфонни деб Марказий Осиёга режалаган сафари ҳамда давлат раҳбарлари иштирокидаги саммитни кечиктирган эди. Орадан озгина вақт ўтиб, Японияда сайлов ўтказилди ҳамда ҳукумат алмашди. Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмоновга кўра, айни пайтда Марказий Осиё давлатлари ҳамда Япония ташқи ишлар вазирлиги айни тадбир ташкилотчилиги устида ишламоқда. Шу йилнинг куз ойларида бош вазир Шигеру Ишиба минтақага сафар қилади ва саммитни ҳам ўтказиб қайтади.

Токиода қўлга олинганларнинг суди июнь ойида ўтади

Токиода Ўзбекистоннинг беш фуқароси талончилик, ўғриликда гумонланиб ҳибсга олинган. Уларнинг ҳаммаси Японияда ноқонуний равишда юрган. Полиция Токионинг Шибуя туманида уларни қўлга оларкан, гумонланувчилар ўтган декабрь ойида муштлашув уюштирган, ўғирликка уринган, маст японларнинг кредит карталарини олиб, фойдаланмоқчи бўлган. Жиноятлар кетма-кет февраль ойига қадар содир этилаверган, ҳозир полиция қўлга олинганларнинг бошқа ишларга алоқадорлигини текширмоқда. Элчи Абдураҳмоновга кўра, бу беш йигитнинг қилмишлари Ўзбекистон имижига жиддий салбий зарба берди. Июнь ойида уларнинг суди бўлиб ўтади ва тақдири ҳал қилинади.

Ўқиш, турист бўлиб келиб, шартномаларини бузиб, ноқонуний муҳожирга айланиб кетган юртдошларимиз ҳам афсуски, кам эмас. Ҳозир Ўзбекистондан турист сифатида келувчилар сони ошди, япон ҳукумати виза беришни бироз енгиллаштирганди, аммо бундай воқеалардан кейин яна виза бериш қийинлаштирилиши эҳтимоли йўқ эмас. Бошқа ватандошларга ҳам зарар етказмаслиги учун Японияга келган ўзбеклардан қонун-қоидаларга бўйсунишларини сўраган бўлардик”,