Жамият | 13:48 / 18.03.2021
19038
2 дақиқада ўқилади

ФВВ кучли шамол ҳақида огоҳлантирди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудларида кучли шамол кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Вазирлик хабарномасида айтилишича, жорий йилнинг 18 март кунидан 20 март кунига қадар республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 17-22 м/с дан 23-28 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

“Шу муносабат билан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларимизга кучли шамол вақтида заруратсиз ташқарига чиқмасликни тавсия этади. Автомобил эгаларидан автомобилларни дарахтлардан узоқроққа қўйишни сўраб қолади”, дейилади ФВВ маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 19-20 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи орқали Кавказ ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, 18-20 мартда республиканинг баъзи жойларида шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 18-19 мартда 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.

20 мартда республика ҳудудларида ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор), баъзи жойларда кучли бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.

Мавзуга оид