11:24 / 19.03.2021
7710

Россия билан ҳамкорликни ривожлантиришга доир президент қарори имзоланди

Қарорда белгиланишича, Москвада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ваколатхона очилади.

«Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарорга кўра, икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати таркибида:

  • инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари – Россия билан ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун масъул бўлган Инвестицион лойиҳаларни ривожлантириш маркази директори лавозими жорий этилади;
  • 5 кишидан иборат Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўлими ташкил этилади;
  • Москвада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланадиган ходимлари максимал сони 7 кишидан иборат ваколатхона очилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси негизида Халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва ташқи иқтисодий интеграция жараёнларини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил қилинади. Ушбу бошқармага республиканинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши билан боғлиқ масалаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Аввалроқ, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг норасмий учрашувида икки давлат ҳудуди орқали тўсиқсиз юк ташишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, савдо айланмасини кўпайтириш ва диверсификация қилиш имконини берадиган тариф ва нотариф тартибга солиш усулларини бирлаштиришнинг истиқболли механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришилганди.

Top