Жаҳон | 13:56 / 19.03.2021
2742
2 дақиқада ўқилади

Европа давлатларида AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш давом эттирилади

Фото: Gavi

Европа иттифоқининг бир қатор давлатлари 19 март кунидан ўз аҳолисини AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни давом эттиришини эълон қилди. Ҳозирча бундай қарорни Германия, Италия, Латвия, Литва, Кипр, Испания, Нидерландия ва Франция қабул қилди. Ушбу давлатлар Европанинг дори воситалари агентлиги (EMA) вакцинани самарали ва хавфсиз деб эълон қилгандан кейин шундай қарорга келган.

Аввалроқ Европанинг кўплаб давлатлари вакцина эмланганларда тромбоз ҳосил қилиши мумкинлиги сабабли уни қўллашни тўхтатиб туришга қарор қилганди. 

Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан мамлакатда AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш кампанияси давом эттирилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, вакцинани тўхтатиб туришда йўқотилган 4 куннинг ўрнини қоплашга тўғри келади.    

Шунингдек, Франция бош вазири Жан Кастекс ҳам вакцина билан эмлаш давом эттирилишини эълон қилган.  

18 март куни ЕМА AstraZeneca вакцинаси бўйича ўтказилган тергов натижаларига кўра коронавирусга қарши восита самарали ва хавфсиз эканини эълон қилганди. 

Шу билан бирга, EMA AstraZeneca’га вакцинани қўллаш бўйича йўриқномага эмланганларда муаммолар юзага келса, жумладан нафас олиш қийинлашиши, оёқ-қўлларда шиш ёки совқотиш ҳисси, қоринда ёки кўкракда оғриқ пайдо бўлса ёки бошқа симптомларда дарҳол шифокорларга мурожаат қилиш ҳақидаги ахборотни қўшишни тавсия қилган.

Ўз навбатида компанияда тромбоз ҳосил бўлиши ҳолатларида унинг вакцина билан боғлиқлиги исботланмагани, бироқ бундай ҳолат юз бериши мумкинлиги ва кейинги таҳлилларни ўтказиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид