Ўзбекистон | 16:03 / 20.03.2021
4780
3 дақиқада ўқилади

Фойдали қазилма конлари давлат кадастрини юритиш тартиби тасдиқланмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фойдали қазилма конлари, белгилари ва техноген минерал ҳосилалар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фойдали қазилма конлари, белгилари ва техноген минерал ҳосилалар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, давлат кадастри ўзида фойдали қазилма конлари, белгилари ва техноген минерал ҳосилалари қисқача, бир шаклга келтирилган тавсифномалари баёни тўпламини мужассам этади ва давлат кадастрлари ягона тизими (ДКЯТ) таркибий қисми ҳисобланади.

Давлат кадастри республика минерал-хомашё ресурслари ҳолатини баҳолаш, ер ости бойликларини геологик ўрганиш ишларини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқишни таъминлаш, ер қаърини муҳофаза қилишга оид ишларни ташкил этиш, фойдали қазилма конлари, белгилари ва техноген минерал ҳосилалар асосий тавсифлари билан танишиш учун мўлжалланган.

Давлат кадастрига тегишли объектларнинг ҳисобга олинган геоахборот маълумотлар базаси Давлат геология қўмитаси геопорталидан қонунчиликда белгиланган тартибда фақат телекоммуникация тармоқлари орқали тўғридан тўғри, реал вақт режимида мунтазам равишда ДКЯТга тақдим этиб борилади.

Давлат геология қўмитаси фойдали қазилма конлари, белгилари ва техноген минерал ҳосилалари давлат кадастрини юритиш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Давлат кадастрини юритиш билан боғлиқ ишлар Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан белгиланган тартибда келишиладиган ҳар йилги минерал-хомашё базани ривожлантириш ва такрор ишлаб чиқариш дастурлари доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қуйидагилар давлат кадастрини ҳисобга олиш объектлари ҳисобланади:

  • Ўзбекистон фойдали қазилмалари захиралари давлат балансида ҳисобга олинган фойдали қазилмалар захиралари мавжуд бўлган конлар;
  • фойдали қазилмалар конлари участкалари, агар улар захиралари Ўзбекистон фойдали қазилмалари захиралари давлат балансида алоҳида сатрда ҳисобга олинган бўлса;
  • давлат балансида ҳисобга олинмаган фойдали қазилмалар захиралари мавжуд бўлган, лекин улардаги қидирув (муфассал баҳолаш) ишлари тугалланган объектлар;
  • Ўзбекистон фойдали қазилмалар захиралари давлат баланси ҳисобидан чиқарилган конлар захиралари (қазиб олинган конлардан ташқари);
  • эксплуатация қилиш вақтинчалик тўхтатилган, кончилик ёки нефт-газ қазиб олиш корхоналари эса консервация қилинган конлар;
  • қимматли компонентлар таркиби бўйича ўхшаш турдаги минерал-хомашё қазиб олинаётган конлар саноат талабларини қондирувчи, ҳеч бўлмаганда битта маъдан аниқланган қаттиқ фойдали қазилмалар белгилари;
  • таркибида амалий қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган қимматли компонентлар мавжуд бўлган, шунингдек атроф-муҳит ифлосланишига ва аҳолига жиддий хавф солувчи оз миқдорли маъданлар уюмлари, чиқинди омборлари ва бошқа техноген минерал ҳосилалар объектлари.

Фойдали қазилма конлари, белгилари ва техноген минерал ҳосилалари давлат кадастри ҳар бир фойдали қазилма конлари, белгилари ва техноген минерал ҳосилалар, шунингдек ер қаъридан фойдаланувчилар асосий маълумотларини ўз ичига олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид