Фан-техника | 16:40 / 21.03.2021
27821
2 дақиқада ўқилади

Электромобилларга солиқ имтиёзлари берилиши мумкин

Молия вазирлиги Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, электромобиллар божхона йиғимидан озод этилиши мумкин. Ҳозирда бу йиғим миқдори 20 еврони ташкил этади. 

Фото: AP/ТАСС

Молия вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига кўра, электромобиллар солиқ йиғимидан озод қилинади.

Яъни лойиҳада «Фақат электр двигател орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситалари сотиб олувчи ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб киришни амалга оширувчи шахслар» ҳам автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўлашдан озод этилиши назарда тутилмоқда.

 Бу президентнинг 2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси автомобил саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам назарда тутилган эди.

Aгар қонун кучга кирса, электромобиллар 20 евро божхона йиғимидан озод бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига ушбу турдаги автомобилларни олиб киришга 15 фоизлик ҚҚС тўлаш кифоя қилади.

Aввалроқ, Kun.uz Ўзбекистонда электромобилларнинг оммавийлашиш тенденциясига оид таҳлилий мақола эълон қилганди. Унда сўнгги 3 йилда Ўзбекистонга бор-йўғи 183та электромобил импорт қилиниб, электромобиллар оммалашмаётгани сабаблари тушунтирилган эди.

Маълумот учун, республикага 2018 йилда 13та, 2019 йилда 39та, 2020 йилда 131та электромобил импорт қилинган. 2020 йилда 2018 йилга нисбатан 10 баробар кўпроқ электромобиллар республикага олиб кирилган. Ўтган йил Ўзбекистонга Хитой, Жанубий Корея, Грузия, AҚШ ва бошқа давлатлардан электромобиллар импорт қилинган.

Мавзуга оид